Машинангизни ўзгартириш ғояси борми? Бундан пул ишлаш ниятичи? Бектемирга боринг!
![Машинангизни ўзгартириш ғояси борми? Бундан пул ишлаш ниятичи? Бектемирга боринг!](https://static.xabaruz.com/crop/3/7/720_460_95_3747752921.jpg)
Умрида бир марта бўлсин, машина минган одам яхши билади, қаеринидир ўзгартиришга хоҳиш-истак ҳар доим бўлган. «Заводдан чиққанидек бўлмайди, барибир», деб минг бора айтишмасин, сиздаги бу истакни ҳеч қанақасига тортиб олиш мумкин эмас. Гоҳ фараларни ўзгартиргингиз келади, гоҳида эса моторни кучайтиргингиз. Энг қизиғи, сиз қилган ўзгариш қулайдек, кўринаверади. Аммо ҳақиқатан ҳам қулай бўлсачи?
Энди сизда ўз ихтироларингизни рўёбга чиқариш ва ҳатто кенг ишлаб чиқаришга тақдим этиш имкони бор. Ва бу имкониятни сизга UzAuto тақдим этади.
Айни вақтда, айнан шу дақиқаларда UzAuto томонидан Бектемирда қурилган «Инновацион стартап платформаси»да очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Тадбирни Ўзавтосаноат раиси Шавкат Умрзоқов очиб берди. Бундай тадбирлар ва ундаги нутқлар ҳар доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлса керак. Аммо Шавкат Умрзоқовнинг сўзлари бошқаларидан самимийлиги билан ажраб туради.
— Мен бу ерга расмий тадбирдаги сингари костюмда ва галстукда чиқишим мумкин эди. Менга ҳатто гапиришим учун олдиндан нутқ ҳам тайёрлаб қўйилганди. Аммо кўриб турганингиздек, қаршингизда жинсида ва футболкада турибман. Қўлимда ҳам ҳеч қандай қоғоз йўқ. Нимага? Чунки бу тадбир шунчаки расмий маросим эмас, балки катта байрам. Ва мен ҳам олдиндан тайёрлаб қўйилган нутқни ўқиб бермоқчи эмасман. Биз ҳаммаси самимий бўлишини истаймиз.
Энг аввало бир саволга жавоб берсам: нима учун Инновацион стартап майдончаси шаҳар маркази эмас, Бектемир туманида қурилди? Жавоб аниқ — биз бу маскан яна-да ривожланишини истаймиз. Насиб қилса Бектемир тумани ёшларнинг орзулари амалга ошадиган маскан бўлиб қолади!
Энди «Инновацион стартап платформаси»ни қуриш нима учун кераклигини тушунтириб ўтсам. Бизда истеъдодли ёшлар жуда кўп. Уларнинг ғояларига қарасангиз, ақлингиз шошади. Аммо бу ғояларни амалга ошириш имконияти ҳар доим ҳам топилавермайди. Шахсан ўзим бир неча бор Турин университетига борганман ва талабалар билан суҳбатда бўлганман. Улар ўз ғояларини рўёбга чиқара олмай, хорижга кетганига ҳам гувоҳ бўлганман. Энди ёшларимиз ўз стартап лойиҳаларини бемалол ушбу масканда амалга ошириш имконига эга.
Инновацион стартап платформасининг мақсади — янги ихтироларга эга истеъдодлар ва пули бор сармоядорларни учраштириш. Улар биргаликда бу ғояларни амалга оширади.
Бу ишни сиз ҳам қилишингиз мумкин. Агар сизда ғоя бўлса, келинг, марҳамат, унинг ҳаётга тадбиқ этишга ҳақли эканини исботланг ва сармоядор билан биргаликда иш бошланг. Ёки аксинча, сизда бизнес бошлаш нияти бўлса, бу ерда янги ғояларни топишингиз мумкин!
Энди иш бошлаган бўлишимизга қарамасдан хориждан — Европадан, Жанубий Корея ва Япониядан ўттиздан ортиқ истеъдодлар ўз ғояларини таклиф этишди. Биз уларга ҳам, юртимиздаги ихтирочиларга ҳам имконият яратиб беришга тайёрмиз.
Биз учун энг муҳими — харидорлар рози бўлиб, бизнинг маҳсулотларни харид қилса бўлгани, — деди Шавкат Умрзоқов.
UzAuto компанияси ўтган йиллар давомида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш ва таннарҳини тушириш учун бир қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, ўтган йил давомида маҳсулот таннархи 1,2 триллион сўмдан ошиққа туширилди. Келаси йил яна 1,3 триллион сўмлик маррага эришиш мақсад қилинган.
Компания томонидан 2019 йилнинг ўзида 15 та акция ўтказилди ва 80 миллиард сўмлик чегирмалар харидорларга тақдим этилди. Энг муҳими — яқин вақтлар ичида ўқитувчилар ва шифокорлар учун навбатдаги акция ўтказилиши мақсад қилинган. Буниси ҳақида энди, UzAuto Motors томонидан алоҳида маълумот берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter