Мансабдорлар фаолияти устидан суд назорати қандай ўрнатилади?
2021 йил давомида Фарғона вилояти маъмурий судлари томонидан давлат органларининг нечта қарори ҳақиқий эмас деб топилди? Мансабдорларнинг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш юзасидан қанча ариза ва шикоят қаноатлантирилди? Қанча фуқаро ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди? Суд ҳужжатларининг ўз вақтида ижро этилмаслиги юзасидан қандай чора-тадбирлар кўрилди? Қуйидаги мақолада шу каби долзарб саволларга жавоб берилган.
Мамлакатимизда ўтган беш йил мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўлган маъмурий судларнинг ташкил қилиниши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқди.
Амалга оширилган барча ислоҳотларнинг тадрижий давоми сифатида жаҳон миқёсидаги жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида ҳалқимизнинг фаравонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 28 январь кунги ПФ-60-сонли Фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди.
Ушбу Фармонда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида, маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш механизмини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтиришга алоҳида урғу берилган.
Бугунги кунга келиб маъмурий судлар жисмоний ҳамда юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келаётган низоларни ҳал этишга ихтисослашган судга айланди. Фуқаролар давлат органлари мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатларидан (ёки ҳаракатсизлиги) норози бўлган тақдирда бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун маъмурий судларга ариза билан мурожаат қилмоқдалар. Хусусан, 2021 йилда Фарғона вилояти маъмурий судлари томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг судга тақдим қилган 552 та аризалари қаноатлантирилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Шу жумладан, давлат органларининг 376 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган, давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш юзасидан 149 та ариза ва шикоят қаноатлантирилган.
Фуқаролар ва юридик шахслар аризаларига асосан кўплаб давлат идоралари қарорлари ҳақиқий эмас деб топиш ёки хатти-ҳаракатларини (ёки ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Суд қарорларига асосан фуқароларнинг давлат идораларининг ноқонуний қарорлари ёки хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида муайян ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисида мажбуриятлар юкланган.
Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддасида қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шартлиги, суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.
Фарғона вилоят маъмурий суди томонидан 2017-2020 йилларда кўриб тамомланиб, давлат ташкилотларига мажбурият юклаш тўғрисида чиқарилган суд ҳужжатларининг ижро этилиши аҳволи ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра, кўрсатилган давр мобайнида жами 1346 та иш бўйича давлат идоралари томонидан суд ҳужжати ижро этилганлиги ҳақида маълумотлар келиб тушмаган. Давлат идоралари томонида суд ҳужжатларининг ўз вақтида лозим даражада ижро этилмаслиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Суд ҳужжатларини ижро этмаслик билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 1346 та иш бўйича давлат ташкилотларига эслатма хатлари, 855 та иш бўйича прокуратура органларига хабарномалар юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январь кунги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-107-сонли Қарори қабул қилинди. Унга кўра давлат органлари томонидан суд қарорларини ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.
Хусусан, Қарорга кўра, давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш; давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш; давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш амалиётини йўлга қўйиш кўрсатилган.
Мазкурга қарорга мувофиқ фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсад қилинган.
Дониёрхўжа Махаматов,
Фарғона вилоят маъмурий суди раиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter