Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мансабдор шахс ва оддий фуқаро ўртасидаги тенгсизлик йўқотилади

Мансабдор шахс ва оддий фуқаро ўртасидаги тенгсизлик йўқотилади

Иллюстратив фото

Бундан бир неча йил илгари мамлакатимиз тарихида илк маротаба маъмурий судлар ташкил этилиб, улар зиммасига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳамда хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришдек ғоятда муҳим ҳамда масъулиятли вазифа юкланганди.

Маъмурий судларнинг фаолияти такомиллаштиб борилди ва натижада туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди ва айни вақтда улар Конституция билан белгиланган ҳуқуқларнинг амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш орқали халқчил судга айлантириш йўлида яна бир муҳим ҳужжат қабул қилинди.

Давлат органлари томонидан фуқаро ёки юридик шахс ҳуқуқлари бузилганда, уларни маъмурий суд томонидан самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи бир қатор омиллар мавжудлиги инобатга олиниб, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш мақсадида 2022 йил 29 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончнини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Суд амалиёти таҳлиллари давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ҳуқуқи бузилган фуқаронинг аризаси бўйича ишларни (оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар) маъмурий судлар томонидан кўришда бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди, хусусан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар маъмурий судлар томонидан тарафларнинг тортишуви асосида кўриб чиқилади, бунда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларга, яъни ҳуқуқи бузилган фуқаро – аризачига ва давлат органи ёки мансабдор шахс – жавобгарга юклатилган.

Мазкур ҳолат эса фуқаро билан давлат органи ёки мансабдор шахс ўртасидаги тенгсизлигини кўрсатади, негаки фуқаронинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органи ёки мансабдор шахснинг имкониятига қараганда нисбатан чекланганлиги сир эмас.

Ушбу жиҳат инобатга олиниб, қарорда маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш назарда тутилди.

Мавжуд тартибга кўра маъмурий судда мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати ёки у томонидан қабул қилинган қарорнинг қонунийлигини низолашган фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти мансабор шахс ёки у томонидан қабул қилинган қарор натижасида кўрган зарарини ундириш масаласида тегишлича фуқаролик ёки иқтисодий судларда яна судлашишда давом этарди.

Ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг судма-суд юриб, оворагарчиликларини олдини олиш мақсадида уларга оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган талаб билан бирга у билан сабабий жиҳатдан узвий боғлиқ бўлган зарарни ундириш талабини маъмурий судга билдириш ҳуқуқи ҳам қарорда назарда тутилганлиги айни муддао бўлди.

Юқоридагилар билан бир қаторда қарорда белгиланган яна бир муҳим вазифа бу — оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш бўлиб, бунда тарафларга бундай тоифадаги ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқининг берилганлиги бўлди, қонунийликни таъминлаш, шунингдек коррупциявий ҳолатларни олдини олиш мақсадида тарафлар ўртасида тузилган келишув битими суд томонидан тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда ижрога қаратилади.

Бу каби ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, уларнинг судга бўлган ишончини янада кучайтириш йўлида аҳамиятли ҳисобланади.

Ғайрат Машкуров,
Тошкент шаҳар судининг судьяси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг