Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактаб ўқувчиси бўйнига ўғриликни «илмоқчи» бўлган орган ходимларига нисбатан интизомий «иш» қўзғатилди

Мактаб ўқувчиси бўйнига ўғриликни «илмоқчи» бўлган орган ходимларига нисбатан интизомий «иш» қўзғатилди

Фото: «Xabar.uz»

Интернетда тарқалган орган ходимлари мактаб ўқувчисини уриб, бўйнига ўғрилик жинояти қўймоқчи бўлганлигига оид хабарлар ўрганилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Xabar.uz»га маълум қилди.

Аниқланишича, 2019 йил 12 ноябрь куни Ғиждувон тумани «Шўрча» қишлоғида яшовчи М.Фозилова туман прокуратурасига ўғли Ф.Тошпўлатовни мактабда (31-сонли мактаб) бўлган вақтида ўзларини Ғиждувон туман ИИБ ходими деб таништирган «Мурод» ва «Лазиз» исмли шахслар мактаб директори хонасидан олиб кетиб, сув насоси ва тикув машинасини ўғирлаганлигини бўйнига олишни талаб қилиб, юз қисмига уриб, ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлигини оғзаки равишда билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.Фозилова ариза ёзишдан бош тортиб, мурожаатини Бош прокуратура ишонч телефонига қўнғироқ қилиб қолдирганлигини ва ўғли Ф.Тошпўлатовни суд-тиббий экспертизадан ўтиши учун қарор беришни сўраб, тушунтириш хати ёзиб берган.

Вояга етмаган Ф.Тошпўлатовнинг танасида жароҳатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигига баҳо бериш учун 12.11.2019 йилда судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Шу куннинг ўзида М. Фозилованинг оғзаки мурожаати тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Шунингдек, Ғиждувон тумани, «Шўрча» қишлоғида яшовчи А.Тошпўлатов Бош прокуратура ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, вояга етмаган, 2004 йилда туғилган укаси Ф.Тошпўлатовни 2019 йил 12 ноябрь куни Ғиждувон туман ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари М.Шарипов ва Л.Наимовлар уриб тан жароҳати етказганлиги ҳақидаги мурожаати 18.11.2019 йил туман прокуратурасига келиб тушган.

Терговга қадар текширувда 06.11.2019 йилда «Шўрча» қишлоғида яшовчи Д.Раупованинг уйида номаълум шахс томонидан ўғирлик жинояти содир этилганлиги ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ИИО ФМБ суриштирувчисининг ёзма топшириғига асосан 12.11.2019 йил Ғиждувон туман ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари М.Шарипов ва Л.Наимовлар тумандаги 31-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ф.Тошпўлатовни 1-сон ИИБга олиб келиб, педагог-ўқитувчи иштирокисиз суҳбат олиб борилганлиги ва ИИБ биносига келган фуқароларни кириш-чиқишларни қайд қилиш дафтарида ҳам педагог-ўқитувчининг рўйхатдан ўтмаганлиги ҳамда вояга етмаган Ф.Тошпўлатов ва ўқитувчисидан тушунтириш хати олинмаганлиги аниқланган.

Туман прокуратураси томонидан 26.11.2019 йилда Ғиждувон туман ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ЖҚБ тезкор вакили М.Шариповга нисбатан интизомий жавобгарликка доир иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун вилоят ИИБга юборилган.

Шунингдек, М.Шарипов ва Л.Наимовларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланиб, вилоят ИИБга юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг