Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича масъул раҳбарларга талаб қўяди» – Шавкат Мирзиёев

«Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича масъул раҳбарларга талаб қўяди» – Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари Янгиариқ туманидаги «Yantex Invest» масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди.

Бу корхона бўш ётган бинолардан самарали фойдаланиш, уларни хусусийлаштириб, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган иқтисодий сиёсатнинг яққол мисоли. Мазкур иншоот ҳам узоқ йиллар қаровсиз ётган эди. Асакабанк томонидан 16 миллион доллардан зиёд маблағ йўналтирилиб, бино замонавий қилиб тикланди, Хитой, Жанубий Корея ва Италиядан ускуналар келтириб ўрнатилди.

Бугун бу ерда газлама мато ва чойшаб ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 200 дан ортиқ иш ўрни очилган.

Корхона йилига 12 миллион погоно метр газлама мато ва 600 минг комплект чойшаб ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш салоҳиятига эга.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент янги корхонадаги тўқув жараёнини кўздан кечирди.

Энди ип-газлама тўқиш ҳажмини ошириш ҳамда Урганч шаҳрида матога ранг берувчи корхона очиш бўйича иш олиб борилмоқда. Шу тариқа, иккинчи босқичда матони бўяш, уни қадоқлаш, Россия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилишга эришилади.

Шу ерда маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Унга кўра, туманлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб боради.

– Маҳалла раисларини сайлаймиз, улардан кўп нарсани талаб қиламиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Лекин бунинг учун маҳаллий раҳбарлар нима қиляпти, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Энди давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгиланадиган тизим қиламиз. Солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларни энг қуйи тизимда бажаришнинг асоси шу. Буни одамлар ҳис қилиши керак.

Мутасаддиларга ушбу тизимни ҳаётга татбиқ этиш, Давлат бошқаруви академияси томонидан маҳалла раисларини шу бўйича ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг