Лондонлик ҳамшира яхшилик қиламан деб балога қолди
Лондонлик ҳамшира ўзининг боғидаги олмаларни териб, қутига жойлади ва хоҳлаган одам олиб ейиши учун кўчада қолдирди. Шаҳар кенгаши унинг бу ҳаракатидан мамнун бўлмаган шекилли, аёлни жаримага тортди, деб хабар берди «The Sun».
33 ёшли Лидия Фаррелл инсонийлик нуқтаи назаридан шундай йўл тутганди. Ахир ғарқ пишган олмалар ерга тўкилиб, чириши мумкин. Мевалар увол бўлмаслиги учун аёл йўловчиларни меҳмон қилишга қарор қилди. Фаррелл қутига «Еса бўладиган бепул олма» деб ёзиб қўйди.
Кўп ўтмай аёл «кўчага ахлат ташлагани учун» 150 фунт (тахминан 2 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди. Табиийки, унинг хатти-ҳаракатини нотўғри талқин қилишганидан аёл хафа бўлди ва бор дардини «Facebook»даги саҳифасига тўкиб солди. Изоҳ қолдирувчилар Фарреллни қўллаб-қувватлашди: уйсиз ёки молиявий қийналиб қолганлар ҳеч бўлмаганда очлик ҳиссини унутишган бўларди.
«Бепул егулик таклиф қилиш — чиндан ҳам қойил иш», — деб ёзган фойдаланувчилардан бири.
Сал кейинроқ шаҳар кенгаши вазиятга ойдинлик киритиб, жаримани бекор қилди. Қиздан эса узр сўрашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter