Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Лимоннинг арази, ёнғоқча келадиган анор, пўсти билан ейиладиган цитрус – Самарқанддаги «Боғи Гулханий»да бир кун (иккинчи мақола)

Лимоннинг арази, ёнғоқча келадиган анор, пўсти билан ейиладиган цитрус – Самарқанддаги «Боғи Гулханий»да бир кун (иккинчи мақола)

Фото: Xabar.uz

Мен кўклам ҳидини Гулханийлар боғида, бинафша атрида туйдим. Ҳовли-боққа кириб борар экансиз, ҳали остонадаёқ нафис, ажиб бир ҳид димоққа урилади...

Иссиқхонада эса ёзнинг тароватини кўрдим, тувакдаги, бўйингдан икки баравар келадиган баҳайбат кактуслар, пишиб, товланиб турган лимонлар, жимитдеккина аллақандай мевалар, барқ уриб очилган гуллар...


Бинафша ҳақида васият, тасбеҳ дарахти, бир танада 11 нав – Самарқанддаги «Боғи Гулханий»да бир кун (биринчи мақола)


Иссиқхонада меҳрдан исинган ўсимликлар...

Ориф Гулханий яшаган даврнинг ўзига хослиги гуллар, ўсимликлар бизда фақат ерда ўстирилган. Ҳов-боққа хонаки гулларнинг кириб келиши шоирнинг фарзанди Олимжон Гулханий ҳаётини биология фани билан боғлаган кезларга тўғри келади. 30-йилларда тувакда гул ўстириш, боғдорчиликдаги бир эврилиш бўлган бўлса ажаб эмас. Хонадондаги ўсимликларнинг энг кўп тури хонаки ўсимликлар. Буларнинг 90 фоизи қаерлардандир олиб келинган экан.

Хонаки ўсимликлар Наврўз кунларида ҳам иссиқхонада эди. Ҳаволар илиши билан, гуллар табиатига кўра, туваги билан очиқ ҳаво чиқарилиб бирлари қуёшли жойда, бошқаси сояроқда жойланади. Йирикроқлари (2 ярим 3 метргача юқорилагани бор) ёки иссиқхонанинг ўзида экилгани ёхуд ўрнидан жилдирганда тўкилиб кетадигани жойида қолдириладию иссиқхонани қоплаб турган плеёнка очилади.  

«Геран одамнинг дўсти, – бирин-бирин тувак гуллари билан таништира бошлайди Муқимжон ака. – Дадам жуда яхши кўрар эдилар. Уйда муҳитни, ҳавони тозалаб, микробларни ўлдиради Одамга фойдали 7 та гул тури бор. Геран ҳам шу еттиликка киради».

Боғбоннинг шу кунлардаги энг энг катта қувончи иссиқхона тепасигачага етиб олган Агава Десметтиананинг гуллаши. Гулнинг ватани жанубий Мексика. «Ўша жойда ҳам ҳар йили гулламайди. Ана энди тасаввур қилинг, Самарқанддаги шароити йўқ бир иссиқхонада бу гул гуллаяпти. Мен ўзим ҳам бу гуллайди деб ўйламаган эдим. Бир куни иссиқхонага кирсам, бир метрча пуммаги чиқибди Ўтган йили мовий агава деганимиз, (тикил агаваси ҳам дейилади) чиройли гуллаган эди». Иссиқхонада агава оиласидаги 11 хил гул бор экан. 

Иссиқхонада очилган гуллардан Бугенвиллия эътиборимни тортди. Бу гулнинг турли рангдагисини  Туркияда, Европа давлатлари кўчаларида кўрганман. Икки томонидан чирой бериб турган йўлаклардан юрганингизда баҳри дилингиз очилади. Бугенвиллия, афсуски, бизнинг қишимизни кўтармайди. Шундан тувакда экилади. Ҳали иссиқхона ёпинчиғи очиб ташланганда кеч кузгача ҳовлига файз бағишлайди.

Эвкалипт гули эса қандайдир ясама, елимдан ясалган сунъий гулга ўхшаб кетаркан. 

Иссиқхонада каттаю кичик юзлаб туваклардаги гуллар қаторида цитрус меваларнинг ноёб навларини ҳам учратиш мумкин. Пишиб етилган лимонлар тувакда ҳам ерда ҳам экилган. Мандаринни танидим. Апелсин орқароқда экан. Мана бу нима эди, мевами? Бармоқ бўғинидек келадиган оловранг митти нарса. Кутилмаганда, Муқимжон ака, унинг икки донасини узиб олиб қўлимга тутқазади.

«Ҳа, мева. Кумкват бу. Мана буни ювиб ейсиз. Данагини экасиз. Аввал кичикроқ тувакка экасиз, кейин каттароғига оласиз. Ерга бўлмайди. Кумкватни пўсти олинмайди, ювилади ва пўсти билан ейилади. Бошқа цитрус мевалардан фарқи шунда».

Кейин ёнғоқдек келадиган анор ҳам бердилар, донасини экасиз деб.

Иссиқхонада ҳам ҳар бир ўсимлик билан боғлиқ қизиқ бир маълумот ва ё ривоят топилади. Боғбоннинг ўзи ўтган йили Америкадан олиб келган қалампир уруғи биринчи нишонасини кўрсатибди. Дунёдаги энг аччиқ қалампир ҳисобланаркан. «Америкада ресторанга киргансиз ва таом билан бирга шу қалампирга ҳам буюртма берсангиз, аввало ресторан маъмуриятига даъвоингиз йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб беришингиз керак. Жуда аччиқ-да  Ҳозирча биттагина ҳосил қилди, лекин жуда кичкина. Аслида катта бўлиши керак. Мен ерга ўтқазмоқчиман. Кўрайлик-чи...»

«Юраклар тошга айланмасин»  

Самарқандда кўпчилик билади, Гулханийлар уй-музейидан ҳар йили минглаб ноёб гул ва гул уруғлари тарқатилади. Асосан, мактаб, боғчаларга. Ўрни келганда маҳалла, корхона ва ташкилотларга ҳам берилади. Шунчаки бепул, хайрияга. Фақат ташиш учун машина керак ва олинган нарсалар рўйхатига имзо қўйилса бас.

«Гоҳида ўйланиб қоламан. Одамларимиз табиатдан узоқлашиб бораётгандек. Бу бора-бора юракларни тошга айлантириб қўймасин дейман-да?» Муқимжон аканинг Самарқанд бўйлаб гул тарқатишидан мақсади шу.

«Самарқандни гулга буркаймиз!» шиори билан унинг мантиқий давоми «Ҳар бир ўқувчиннг ўз гули бўлсин! 1+10» номли хайрияси доирасида кўплаб гул ва гул уруғлари улашила бошланганига анча бўлган. Ўтган кузда ҳам  «Боғи Гулханий» томонидан ушбу хайрия  ташаббус асосида, анчагина эзгулик  тарқатилди. Хусусан Каттақўрғон шаҳар, Ургут, Нарпай, Паст Дарғом, Қўшработ, Булунғур ва Нуробод туманлари мактабгача ва мактаб таълим бўлимига қарашли таълим даргоҳларига 8 минг туп гул ва ўсимликлар, 161 мингдан зиёд гул ва ўсимлик уруғлари тақдим қилинди. Куни кеча Самарқанд тумани масъул ходимлари 44 номдаги 6313 та гул кўчати, 15935 дона гул, турли ўсимлик уруғларини қабул қилиб олишди.

 – «Ҳар бир ўқувчиннг ўз гули бўлсин! 1+10» шиордаги 1 ва 10 рақамлари нимага ишора қилинади?

– Дейлик, фалончи исмли ўқувчига битта тувакда гул берилади. Бу унинг гули бўлади. Истаса мактабда қарасин, истаса уйига олиб борсин. Бир йил ёки икки йил давомида бу гулни ўнтага кўпайтириб ўзи бепул олгандек яна бепул бошқа гулсеварларга тарқатиши керак. Ёки, дейлик, гулни биринчи синф ўқувчи олди. 11 йил уни парвариш қилади, ҳар куни гул билан мулоқотда бўлади. Унинг ўсишини, қандай гуллашини кузатади, мушоҳида қилади. Бунақа одамдан ёмонлик чиқмайди. 11-синфда сўнгги қўнғироқда, мана энди сен парвариш қил, деб 1-синф ўқувчисига топширади. Гул билан мулоқотнинг қайси шакли танланишини ўша мактабнинг ўзи танлайди,  – самимият билан гапиради боғбон. У мана шу йўналишдаги ишни республика бўйича ёйишни истайди. – Ўзбекистон бўйича 6 млн дан ортиқ ўқувчи бўлса, гуллар шунчага кўпаяди, гўзаллик ёйилади. Муҳими, юраклар шудгорланади. Шудгорланмаган ерда ўсимлик униши қийин бўлгани каби табиатга меҳр бериб, меҳр олган болалардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.

Муқимжон Орифийнинг фейсбук саҳифасига хайрия тадбирлар ҳақида батафсил ёзилган. Муқимжон Орифий ўқувчилар учун махсус гуллар ҳақидаги китобчалар чиқаришни ҳам ўйлайди. «Лекин, мутахассисларнинг ёрдами керак. Ахир, мен асли иқтисодчиман, бирор хатоликка йўл қўйсам гуноҳ бўлади» дейди у.

Боғбонга яна савол ташлайман.

Гуллар билан гаплашасизми?

– Гаплашаман. Одамлар девона деса ҳам гаплашганимни ижтимоий тармоқларда ёзаман ҳам. Эрталаб чиқиб, аввал қиладиган ишим, айланиб гуллардан ҳол-аҳвол сўрайман. Агар касал бўлса, дорисини аниқлаб унга дори бераман. Суғориш керак бўлса, сув бераман. Соядан ёруғроқ жойга олиб чиқиш керак бўлса, жойни ўзгартираман. Камида бир соат айланиб гуллар билан суҳбат қиламан.

– Энг яхши кўрган гулингиз қайси?

– Мен биттасини яхши десам, қолгани мендан хафа бўлиши мумкин, деб ўйлайман. Ҳали ўсимликлар олами яхши ўрганилмаган. Бир воқеани айтай. Иссиқхонада, лимон дарахтимиз жуда катталашиб кетди. Гуллар эса кўп, гулларни жойлаштиришим керак. Битта шохини кесишга мажбур бўлдим. Кейин, ўша дарахтнинг лимонлари шунчалик нордонлашиб кетдики...

«Боғи Гулханий»да қилинаётган ишлар меҳр, меҳнат, иштиёқдан ташқари маблағ билан боғлиқ жойи борлигини илғайман. Газ, сув, дори, нури ҳаммаси пул-ку! Атайлаб келиб гул сотиб оламиз деганларга гул сотилар экан. Лекин, у, жами харажатнинг бор-йўғи 20 фоизини қоплар экан.  «Бу дунёда яхшилик ҳам керак-ку», дейди суҳбатдошим табассум билан.

Шу жойида яна бир чиройли таклифни ҳам айтилди: «Самарқанд кенгайтирилаяпти. Яқинда миллионли шаҳарга айланамиз. Шаҳарда махсус гул бозори бўлиши керак» деб ўйлайман.  

1980 йилда расман қайд қилинган уй-музейнинг Ориф Гулханий яшаб ўтган, унинг ашёлари сақланаётган қисмининг ўзи яна алоҳида мақолага мавзу бўлгулик. Расмий ҳужжатларда уй музейнинг директори сифатида Муқимжон Орифийннинг номи ёзилади. Лекин, улар ўзларини доимо даргоҳнинг боғбони деб биладилар. Зеро, боғда ишлаш учун доимий ёрдамчи йўқ. Муқимжон акага аёли, фарзандлар ва набиралар ишдан, ўқишдан бўш пайтларида доимо кўмак беришади, қўллаб-қувватлашади. Хонадон аҳли келган меҳмонлар билан тожик, ўзбек ва рус тилларида эркин мулоқот қиладилар, (ёшлар инглиз тилини ҳам тортиб кетишаяпти) бу билан  халқлар дўстлиги, якдиллигига ҳам ҳисса қўшадилар.

Яхшилар, бор бўлинг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг