КХДР ва Жанубий Корея раҳбарлари иккинчи бор учрашдилар

Шимолий ва Жанубий Корея раҳбарлари — Ким Чен Ин ва Мун Чжэ Ин иккала давлат ўртасидаги бетараф ҳудудда учрашди. Бу ҳақда «Hurriyet» хабар бермоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан шу йил 12 июнда Сингапурда ўтказилиши кутилаётган учрашувни аввал бекор қилиб, кейинчалик эса учрашувни ўтказишга яна умид уйғотган эди.
Бу борадаги вазият мавҳумлигича қолаётган бир пайтда иккала Корея раҳбарларининг учрашгани бутун дунёнинг эътиборига тушди.
Жанубий Корея етакчиси Мун ҳамкасби Ким билан чегарадаги Панмунжон қишлоғида, бу сафар чегаранинг шимол тарафида учрашди.
Маҳаллий вақт билан тушдан кейин ўтказилган учрашувда АҚШ билан Шимолий Корея раҳбарлари ўртасидаги учрашув ҳақида фикр алмашилган.
Иккала Корея етакчиларининг учрашуви тафсилотлари эртага эрталаб оммага ошкор қилинади.
Ушбу учрашув икки Корея раҳбарларининг жорий йилдаги иккинчи учрашуви саналади. Жорий йилнинг 27 апрель куни икки Корея саммитида ҳам етакчилар ўзаро музокара олиб борган эдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter