Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Куёв: «Қайнотамнинг фамилиясига ўтаман»

Куёв: «Қайнотамнинг фамилиясига ўтаман»

Коллаж: «Xabar.uz»

Бирор оилада уч фарзанд туғилса юртбошимиз ва унинг яқинларининг исм-шарифларини қўйиш, ота-онага эса «Кобальт» совға қилиш урфга айланди. Бундай қараганда бунинг ҳеч ёмон томони йўқдай.  Уч чақалоқ-эгизак дунёга келгани учун машина совға қилинди, тамом вассалом.

Аммо уч нафар эгизак нима қаҳрамонлик кўрсатдики, машина совға қилинади. Уларнинг ота-онаси нима каромат кўрсатдики, машинага умид қилади. Агар шу ота-оналар эгизакларга юртбошимизнинг исм-шарифларини қўйишсаю, машина совға қилишганида «биз машина учун исм-шарифларини қўймадик», дея совғани рад этишса, мен ана шуни қаҳрамонлик деган бўлардим.

Ачинарлиси, эгизакларга  машина совға қилинмаса, уларнинг яқинлари «Озодлик»кача дардини дастурхон қилишмоқда. Бир машина учун орини, эл-юрти шаънини ўртага қўймоқда. Бу шикоятдан кейин уларга машина совға ҳам қилишар, демакки қаҳрамонлиги учун эмас, орсизлиги учун. Юртбошимизнинг исм-шарифини фарзандларга қўйиши аъло ишдир, аммо ортидан машина сўраш тамагирликдан бошқа нарса эмас. «Президент совғаси»ни ўша оилага бериб, «очко» ишлаб олмоқчи бўлган ҳокиму раҳбарларнинг тутуми-чи? Улар бу билан жамиятда зарарли «анъана»ларни озиқлантирмаяптими?!

Қайнотасининг пулига яшаётган, келин томондан қилинган сарпо кўнглини тўлдирмаса гапни кўпайтираётган, уйини бўлажак хотини мебел билан тўлдираётганини ҳазм қилаётганларни ғурурсизлик, орсизликда айблаймиз. Айтинг-чи, бундай тамагир куёвлар қаердан пайдо бўлади? Онасининг қорнидаёқ тамагирликни ўрганади. Уч фарзанд кўрсам (ҳозир доплер тезда аниқлаб беради) албатта юртбошимизнинг исм-шарифини қўяман ва бизга «Кобальт» беради, дея онанинг ётса ҳам, турса ҳам фикру хаёли шунда бўлиб қолади. Эр-хотиннинг ўйлаган мавзуси ҳам, гаплашган гапи ҳам шунга бориб тақалади. Ва бу боланинг эндигина шаклланаётган миясини туғилмасидан заҳарлайди.

Вояга етиши асносида ҳам бир умр уларга президентимизнинг исми қўйилганию, шунинг эвазига машина совға қилингани бот-бот такрорланади. Гўдаккиналар буни табиий ҳол деб қабул қилади. Ва қарабсизки, келажакда улар қайнотаси машина берадиган бўлса, ўз фамилиясидан ҳам кечишга тайёр туради.

Эгизакларни бундай рағбатлантириш нафақат уларни дунёга келтираётганлар, балки осонгина машиналик бўлишни хоҳлаётган кўпгина ёшлар учун зарарли ўйга айланиб бормоқда. Нуқта қўйиш вақти етди. Президентимизга садоқатингизни, муҳаббатингизни изҳор қилмоқчи бўлсангиз, ёнида туринг, элим деб, юртим деб фидойилик қилинг. Фарзандларингизни ғурурли, ориятли, лафзини ҳалол қилиб вояга етказинг. Порахўрликка, тамагирликка, боқимандаликка, юлғичликка қарши курашинг, эвазига мукофотни сизга Аллоҳ беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг