Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кучлар мувозанати: 3+1 ҳокимият

Кучлар мувозанати: 3+1 ҳокимият

Фото: «XS.uz»

Маълумки, ҳокимият мамлакатимизда расман 3 турга ажратилган: қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимиятлари. Норасмий тарзда ОАВни «тўртинчи ҳокимият» деб атаймиз. Бундан бир неча йиллар аввал мамлакатимизда бир-бирини тийиб турувчи кучларнинг мувозанати ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Ҳозирга келиб Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуслари билан бу ҳақда фикрлашларга туртки берилди. Шавкат Миромонович кўп нутқларида қонун чиқарувчи ҳокимият вакилларини фаолликка чорлаяпти, ижро ҳокимиятини халқ билан яқин бўлиб ишлашга даъват қилса, суд ҳокимиятидан адолатли қарорлар кутяпти. Норасмий ҳокимият саналмиш ОАВдан жамиятдаги муаммоларни қолган 3 ҳокимиятга холис етказиш борасидаги муҳим қадамлар ташлашларидан умидвор.

Хўш, бу вазиятда қайси ҳокимият вакилларида ҳақиқий ўзгаришларни кузатяпмиз? Менимча, ҳеч қайси бирида. Ижро ҳокимиятидаги ўзгаришлар ижобий кайфият қолдираётгандек, лекин бу ўзгаришлар Президентнинг қатъият билан талаб қилаётгани натижасида мажбурликдан қилинаётганлиги билиниб қоляпти. Қонун чиқарувчиларда нега ҳамон жимлик? Суд ҳокимиятида ҳам ўзгаришларни сезмаяпмиз.

Яқинда «Xabar.uz»да чоп этилган мақолада ижро ҳокимиятида ишлашдаги муаммолар таҳлил қилинганди. Худди шундай вазият қонунчилик ҳокимияти учун ҳам ўринлидир. Ҳақиқатан ҳам, Олий Мажлис депутатининг ойлик маоши 1,5 млн. сўм атрофида бўлса, хизмат уйи билан таъминланган бўлса ҳам, коммунал тўловларини ўзи тўлайди. Оиласини Тошкентга кўчириб келадиган бўлса, турмуш ўртоғини ишга жойлаш ҳам ўз гарданида. Бунинг устига Тошкент шаҳрида 1,5 миллионга яшашнинг ўзи бўлмайди. Депутат бошқаларга ўҳшаб қўшимча даромад қилиш имкониятидан маҳрум. Депутатлар ҳуқуқ, бурч ва имтиёзлари ҳақида қуйидаги мақоладан маълумот олишингиз мумкин. Майли, тирикчилик муаммолари кимда йўқ ҳам дейлик. Энди у хизматчилик юзасидан ижро ҳокимияти вакиллари устидан назорат ўрнатиши керак. Принципиаллик қилиб, иш ривожи учун турли даражада босим ўтказиши керак бўлган вазиятда унга қандай қўллов бор деб ўйлайсиз? Эртадан кейин муддати тугаб, эски иш жойига, вилоятига қайтса яна ўша ижро ҳокимияти қўлига тушадими? Бир пайтлар (депутатлик ваколатига эга бўлган даврлар)даги «жонбозлиги» учун «жавоб» бердирмасликларига кафолат борми? Майли, бир жонкуяр депутатимиз шуларни ҳам ўйламайди дейлик.

Президентнинг даъватларидан руҳланиб ўз ваколатларидан унумли фойдаланган ҳолда жўшқин фаолиятини бошлади ҳам дейлик. У қаергача бора олади? Бирор қонунни ишлаб чиқиб, уни олдин фракция, кейин ялпи йиғилишдан эсон-омон ўтказиб олишига қанчалик кафолат бор. Ишнинг ихтиёрий босқичида ўзидан қўрқувчи ҳамкасблари, юқорироқ курсини эгаллаган вакиллари халақит бериб, ишни чаппасига айлантириб қўйиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Чет элда ҳам депутатларнинг бундай курашлари бор-ку дерсиз? Ҳақсиз, ўзи шундай ҳам бўлиши керак (манфаатлар тўқнашуви), агар барча депутатлар ўз сайловчилари аудиторияси ҳуқуқларининг ҳимоясига отланган бўлса. Лекин биздаги депутатларнинг аксарияти тақдир тақозоси билан (юрак майли, аниқ мақсад билан эмас) бу курсига ўтириб қолганга ўҳшайди. Бир амаллаб муддатни тугатса-ю, бирор ёғли жойга ўрнашиб олса. Агар қонунчилик палатаси депутатидан ҳаққоний, жон куйдириб ишлашини талаб қилсак, унга Тошкент шаҳрида тирикчиликни ўйламайдиган даражада иш ҳақи, маош билан таъминланган ёрдамчилар ҳамда депутатлик фаолиятини якунлагач, иш билан кафолатли таъминлаш каби имтиёзларни берайлик.

Суд ҳокимияти вакилларининг ҳам дахлсизлиги (моддий, маънавий томондан) қанчалик таъминланган? Бериладиган маош уларнинг ваколатига қанчалик мутаносиб? Коррупцияга етакловчи омиллардан ўзини узоқ тутишга қанчалик мотивацияланган? Муқаррар жазо билангина коррупциядан тутиб бўлмайди. Виждонсизи бўлса йўлини топади, виждонлиси эса жимгина бу вазифадан воз кечиб қўяқолади.

Тўртинчи ҳокимият вакилларига ҳам осон эмас. Давлатга қарашли ОАВлар бош муҳаррирлар билан жиловланган бўлса, нодавлат ОАВлар ижро ҳокимияти, куч ишлатар тизимларнинг эҳтимолий босими остида фаолият кўрсатади. Ҳозирги вақтдаги ижтимоий тармоқларнинг ривожланганлиги, мамлакатдаги биринчи шахснинг бу соҳаларга қаттиқ эътибори биз биргаликда кузатиб турган эркинлик, ошкоралик шаббодасини эстириб турибди. Лекин бу шаббоданинг тўхтаб қолмаслиги, аксинча шамолга айланиб жамиятдаги сассиқ иллатлардан тозалаб туриши учун нима қилишимиз керак?

Умуман олганда, кучлар мувозанати жамиятимиз, юртимиз равнақи учун ишлашига қандай эришамиз? Ҳурматли Президентимизнинг олий мақсади ҳам шундай бўлса керак, менимча. Бирданига барча соҳада кенг қамровли ўзгаришлар қилиш осон эмас. Лекин, шу йилдан бошлаб шу тўрт ҳокимият вакиллари бир-бирини тийиб туриш йўлида ҳаракатларини бошлаши керак. Биз эса бундай ўзгаришлар бўлиши учун ўзимизни ўзгартирайлик, шундай замонда яшашга муносиб бўлишга интилайлик. Ўз соҳамизнинг мутахассиси бўлиб, атрофимиздаги салбий иллатларга бефарқ бўлмайлик.

Эркинжон Каримов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг