Коррупция сабаблари: Ўзбекистонда давлат хизматчисига яратилган шарт-шароит унинг «тўғри яшаши»га етарлими?
«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш Давлат дастури» ишлаб чиқилиши арафасида унда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида «Xabar.uz» порталида туркум фикр ва таклифлар бериб бориляпти.
Биринчи мақолада тадбиркорнинг тўғри ишлаши қонунни бузиб ишлашидан кўра осон бўлиши ҳақидаги мулоҳазалар баён этилди. Қуйидаги иккинчи мақолада давлат хизматчиларининг коррупция ва тамагирликдан йироқ бўлиши учун қандай чоралар кўрилиши лозимлиги ҳақида сўз боради.
Қачон давлат хизматчиларига тўғри ишлаш тамагирлик қилиб ишлашдан қулай бўлади?
Ўзбекистонда давлат хизматчисига яратилган шарт-шароит унинг тўғри яшашига етарлими?
Молия вазирлигининг йиллар давомида юритган нотўғри сиёсати туфайли давлат хизматчиларининг ойликлари ва бошқа рағбатлантиришлари кесилиб келинган. «Молиячи»ларнинг фикрича, давлат хизматчилари учун 1–1,5 миллион сўм ойлик маош — нормал ҳолат. Бундан турли солиқлар ажратиб ташланса, хизматчининг қўлида қанча қолади? Ҳозирги шароитда бу сумма оила тебратиш — уй-жой, коммунал тўловлар, озиқ-овқат, кийим-кечак, фарзандларнинг яхши билим олиши ва ҳоказолар учун етарлими?
Маоши паст бўлган аксарият давлат хизматчилари рўзғор тебратиш учун «қинғир» йўлларни қидира бошлайди. Аввалига ноиложликдан, виждонига қарши бориб бу ишга қўл урса, бора-бора нафси ҳакалак отиб, «тилла балиқча»га эга чиққандек «ҳою ҳавас»лариям улканлашиб бораверади. Унинг бузуқ нафси ортидан қанчалаб киши жабр чекади, мамлакат иқтисодиёти жиддий зарар кўради.
Бунга ўзимиз шароит яратганмиз
«Corruption Index 2016» рейтингида Ўзбекистон 156-ўринда қайд этилган. Яширишнинг ҳожати йўқ, деярли ҳар биримиз у ёки бу кўринишда тамагирлик ҳолатларига дуч келганмиз. Имкон туғилди дегунча вазиятдан унумли фойдаланишга, кўзига кўринган пулни (давлатнинг мулки, ўзгаларнинг ризқи ва меҳнати маҳсули бўлса ҳам) ўзлаштиришга уринувчилар жуда кўп орамизда.
Бу иллат қайсидир маънода қон-қонимизга сингиб ҳам кетган. Шунинг учун кўпинча кўз юмиб қўяверамиз. Чунки бунга ўзимиз шароит яратганмиз. Ундан халос бўлиш учун энди анча тер тўкилиши керак бўлади. Қийин бўлса-да, бунга эришган мамлакатлар кўп.
Хорижда бу иллат қандай йўқотилган, бизда аҳвол қанақа?
Жаҳон тажрибасида коррупция билан курашишнинг минглаб услублари ишлаб чиқилган. Мутахассисларнинг фикрича, коррупция юзага келишининг бир қанча сабаблари бор. Шулардан биринчиси — ойлик маошнинг озлиги.
Бу муаммони ечиш учун Сингапурда вазирлар ва бошқа амалдорларнинг ойлик маоши хусусий сектордаги компания ва ташкилотлар раҳбарлари маоши даражасигача кўтариб қўйилган. Ходимлар масаласида ҳам шундай. Хусусий секторда раҳбар ва ходимлар даромади ошиб бориши баробарида параллел равишда давлат хизматчилари ойликлари ҳам кўтарилиб боради.
Сингапурда давлат хизматида ишлаш ва карера қилиш учун кўп вақт ва жиддий меҳнат талаб қилинади. Шунинг учун давлат хизматчилари пора олиш ва тамагирлик қилишдан ўзларини тийишади, акс ҳолда нафақат машаққат билан эришган ишидан ажралади, балки юқори ойлик ва ижтимоий кафолатлардан ҳам қуруқ қолишади.
Албатта, фақатгина катта маош тайинлаш билан коррупцияни йўқотиб бўлмайди. Сингапурда бу ҳолат учун қатъий молиявий ва маъмурий жазолар белгиланган. Ва албатта, давлат идораларига етук кадрларни етиштириб берувчи мураккаб ва мукаммал механизм яратилган. Бу энди алоҳида бир мавзу.
Бизда ёш иқтидорли кадрлар давлат идораларига ишга боришдан кўра, хусусий сектор ёки хорижга кетишни танлайди. Чунки у ерда яхши тўлашади. Ишлаш учун шарт-шароитлар ҳам соз, мотивация ҳам кучли.
Ўзимизга қайтсак. Бизда ёш иқтидорли кадрлар давлат идораларига ишга боришдан кўра, хусусий сектор ёки хорижга кетишни танлайди. Чунки у ерда яхши тўлашади. Ишлаш учун шарт-шароитлар ҳам соз, мотивация ҳам кучли.
Натижада давлат органларига асосан «казо»ларнинг танишлари (орқа бақувват бўлса, тамагирлик қилиб ишлашига ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди); тезроқ амалга эришиб, ўрнини «ёғли» жойга айлантириш «орзуси»дагилар; ёки институт ва университетни зўрға тамомлаган, иқтидорсиз кадрлар боради. 100 фоиз эмас, албатта. Иқтидорли, ишга чанқоқ ва ватанпарвар давлат хизматчилари ҳам бор. Лекин улардаги ишчанлик ва интилиш у муҳитда узоқ чўзилишига кафолат йўқ. Мақсади саробга айланишини сезиши билан яхшироқ таклиф тушган (хусусий сектор ёки хориж) жойга ўтиб кетади.
Сингапур тажрибасидан бизда ҳам фойдаланиш мумкин-ку!
Яъни маълум соҳанинг раҳбари (вазир), ўша соҳадаги энг катта компаниялар бошқарувчиларидан кам бўлмаган ойлик ва йиллик рағбатлантиришга эга бўлса. Ходимлар ҳам шунга яраша.
Амаллаб ишга кирволиб, катта ойликни олиб юраверса-чи, деган савол туғилиши мумкин сизда. Сингапур тажрибаси намуна қилиб олиндими, унинг фақат ойлик белгилаш қисми эмас, давлат хизматчиларига қўйиладиган талаблари ҳам шунга яраша белгиланади. Масалан, Сингапурда давлат хизматчисига ойлик маош 60+40 шаклида белгиланади. Яъни маошнинг 40 фоизи ходимнинг иш унумига қараб тўланади. Ишида унум бўлмаса, ололмайди деярли тенг ярмини. Агар бу ҳол давом этаверса, у ишидан ажралади. Яхши ва самарали хизмат қилиш учун мотивация бу.
Сингапурда шу тариқа коррупция минимал даражага туширилган ва тадбиркорликка кенг йўл очилган. Ўзимизда эса ҳалигача «нам делают вид что платят, а мы делаем вид что работаем» қабилида иш тутиб келиняпти.
Оддий давлат хизматчиси
Таҳририятдан: Ушбу мавзуда доирасида яна кимда қандай таклиф-мулоҳазалар бор? Марҳамат биз билан боғланиб, ўз фикрларингизни юборинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter