Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирусни даволашдаги хатоларнинг асоратлари чиқмоқда

Коронавирусни даволашдаги хатоларнинг асоратлари чиқмоқда

Коронавирусни даволашда гормон ва антибиотикларни нотўғри қўллаш жиддий асоратларга олиб келадими? ССВ матбуот хизматининг ушбу саволига тиббиёт фанлари доктори, профессор Ботир Тожиев жавоб берди:

— Эсингизда бўлса, COVID-19 инфекцияси авж олган ва одамлар орасида тарқала бошлаган илк йилларда соҳа олдида «ушбу хавфли касалликни қандай даволаш мумкин?» деган муҳим масала турган эди. Ўша пайтда ҳар бир мамлакат, хусусан, юртимизда ҳам мазкур вируснинг олдини олиш бўйича махсус протоколлар ишлаб чиқилди.

Бироқ айрим беморларнинг уй шароитида белгиланган дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиши, айниқса, антибиотик, гормон препаратлари ва томчи уколларни палапартиш қўллаш уларда турли асоратларга олиб келди. Бу ҳолат эса мана 2022 йилга келиб, аста-секин намоён бўляпти.

Хусусан, бугун аҳоли орасида учраётган бир қанча юқумли касалликлар, траватологик, эндокринологик, юрак-қон томир ва кўз хасталикларига айнан ўша пайтда мазкур дори воситаларини тўғри қўлламаслик сабаб бўлгани соҳа мутахассислари томонидан таъкидланмоқда.

Хўш, шундай экан коронавирусга чалинган беморларни даволашда ушбу дори воситаларинидан қачон ва қандай ҳолларда фойдаланиш мумкин?

Мисол учун, томчи уколлар COVID-19 га чалинган беморларнинг ўрта оғир ва оғир даражасида, реанимация бўлимига ётқизилганда ва интоксикация ёки заҳарланиш кучли бўлгандагина тавсия этилади.

Қолаверса, бу йил коронавирус инфекцияси болаларда лорингоспазм ёки халқ тили билан айтганда бўғилиш ҳолатлари билан юзага келмоқда. Демак, бу вазиятда беморга касалликни даволаш учун эмас, балки лорингоспазмнинг олдини олиш учунгина гормон препарати белгиланган схема бўйича берилади.

Шунда ҳам фақат бемор реанимация бўлимига ётқизилганда ҳамда ҳамроҳ хасталиклари борлиги ва касалликнинг оғирлик даражасига қараб, ҳаётий зарурат туғилсагина буюрилади.

Шунингдек, антибиотикларни қўллашнинг ҳам ўзига яраша тартиби бор. Яъни, бу дори воситаси касалликка чалинган катталар ва болаларда пневмония белгилари намоён бўлганда ва балғам сурткига олиниб, уларнинг антибиотикларга чидамлиги аниқланганда стационар шароитдагина тавсия этилади.

Бошқа ҳолларда эса ушбу дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш жиддий асоратларга олиб келишини унутмаслик лозим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг