Коронавирусдан тузалганларни ҳақоратлаш ҳолатлари учрамоқда — Ҳокимлик
Айни кунларда ОАВларининг асосий мавзуси коронавирус кенг тарқалишининг олдин олиш, унга қарши вакцина, даво ва эҳтиёт чораларидир.
Ушбу хасталикка чалинганлар орасида бўлмаслик учун ҳар ким ўзича чора кўрмоқда. Бироқ ушбу хасталикни мардонавор енгиб, яна ўз оиласи даврасига қайтганларга ҳазар назари билан қараётганлар ҳам орамизда йўқ эмас.
Минг афсуски, айрим шахслар томонидан карантиндан қайтган ёки касалликдан тузалган фуқароларни маънавий қўллаб-қувватлаш ўрнига уларга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, камситиш, шаъни ва обрўсига путур етказиш ёки уларни касалликни бошқаларга ҳам юқтиришида айблаш ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати каналида маълум қилинган.
Қайд этиш керакки, короновирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилганлик, шаъни ва қадр-қимматига путр етказганлик, камситганлик, унинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлик учун 9 млн. сўмгача маъмурий жарима белгиланган.
Агар, маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, айбдорга 22,3 млн. сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёҳуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо қўлланилади.
Шунингдек, фуқаронинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда ижтимоий тармоқларда тарқатиши оғир оқибатларга олиб келса, айбдор 44,6 млн сўм жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёҳуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Биз бир миллатмиз, асосийси, инсонмиз. Бирлашган ва бир-биримизни тушунган ҳолда бу вирусга қарши курашиш орқалигина уни енгиб чиқишимиз мумкин.
Бир-бирини айблаш эса ақлсизлик ва муаммонинг ечимига қарши ҳаракат ҳисобланади.
Синовли дамлардан мардонавор ўтайлик.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter