Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мамлакатни 42 йилдан буён бошқараётган президент коронавирусга қарши эмланди

Мамлакатни 42 йилдан буён бошқараётган президент коронавирусга қарши эмланди

Теодоро Обианг Нгема.

Фото: AP

Экваториал Гвинеядаги ҳукмрон Демократик партия маълум қилишича, президент Теодоро Обианг Нгема Мбасого Хитойнинг «Sinopharm» фармацевтика компаниясида ишлаб чиқарилган препарат асосида эмлашнинг биринчи босқичидан ўтди ва аҳолини ўзидан ўрнак олишга чақирди. «Чунки эмлаш коронавирус туфайли ўлимдан қочишнинг ягона таъсирчан имкониятидир», дея таъкидлади у.

Шу йилнинг 10 февралида Хитой ҳукумати ушбу мамлакат пойтахти Малабога дори воситалари катта партиясини етказиб берганини маълум қилган эди. Шу тариқа Экваториал Гвинея Хитойда ишлаб чиқарилган вакцинани қабул қилган қитъадаги илк мамлакатга айланди.

Хитой ташқи сиёсат маҳкамаси расмий вакили Ван Вэньбиннинг сўзларига кўра, ХХР раиси Си Цзиньпиннинг топшириғига кўра, расмий Пекин пандемияга қарши кураш бўйича Африкани фаол қўллаб-қувватлаш мажбуриятини бажаришга киришган.

Салкам саксон ёшга кирган президент мамлакатни 42 йилдан буён идора этиб келмоқда. 1991 йилда сиёсий партиялар фаолиятига рухсат берилган бўлса-да, ҳанузгача ҳукмрон демократлар мамлакатнинг олий давлат лавозимларини эгаллаб келмоқда.

Давлат тўнтариши ўтказилган кун бутун мамлакатда кенг байрам қилинади, президентнинг суратларини барча жойда осиб қўйишган ва ҳақиқий шахсга сиғиниш муҳити яратилган.

Халқаро ҳамжамият бу давлатда сўз эркинлиги йўқлигидан, сиёсий мухолифат қаттиқ тазйиқ остида эканидан ёзғириб келади.

Ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига улуши бўйича қитъада етакчи

1,3 миллион аҳолига эга мамлакатда олтин, олмос, тантал, боксит ва ўрмон ресурслари катта бўлса-да, улар орасида нефть асосий ўринни эгаллайди. Шу сабабли 2017 йил 25 майда ОПЕКнинг 14 аъзоси бўлиб кирди.

Аслида «Қора олтин»ни қазиб олиш 1990 йиллардан бошланди. Аниқланган нефть захиралари 1,1 миллиард баррелга тенг.

Экваториал Гвинея ҳозирда уни қазиб олиш ҳажмлари бўйича (йилига 15 миллион тоннагача) қитъада Ангола ва Нигериядан кейин учинчи ўринда бормоқда ва қазиб олинган маҳсулотнинг 99 фоизи экспортга йўналтирилмоқда.

Ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига улуши 23 минг доллардан ошиб, у бутун қора қитъада биринчи ўринни эгаллайди. Эркакларнинг 93 фоизи, аёлларнинг 80 фоизи саводли. Ойлик иш ҳақлари ўртача 1000 доллар атрофида. АҚШдан бу ерга ишлашга келган муҳандис ўртача 12-13 минг доллар маош олади. 

Расмий тили испан тили бўлган Африкадаги ягона мамлакатда шунча иқтисодий ўзгаришларга қарамай, аҳолининг ярми қашшоқлик чегарасида яшамоқда. Чунки бойликлар нотекис тақсимланиб, ижтимоий табақаланиш кучайиб бормоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қиммат. 20 фоиз болалар 5 ёшга тўлмасдан вафот этмоқда.

Пандемия ва нефть нархи тушиши иқтисодиётга икки томонлама зарба берди. Ўтган йили ҳудудий сувлардаги нефть ва газ инфратузилмаларига денгиз қароқчиларининг 4 бора ҳужуми катта зарар келдирди. Ҳукумат уларга қарши курашда АҚШдан ёрдам сўраган.

Узоқ қолиш сири – фанглар

Давлатнинг биринчи раҳбари Масиас Нгема Бийого ўзини Худо деб эълон қилган ва аҳолини ялпи қирғин қилган эди. Унинг даврида 350 минг нуфуснинг 50 мингги ўлдирилди, 150 минг нафари қўшни давлатларга қочиб кетди.

Ўз тоғасини ҳокимиятдан ағдариб, шундан бошлаб 42 йилдан буён мамлакатда ҳукмронлик қилаётган Теодор Обианга Нгема Мбасогонинг бошқарув сири нимада? У 2016 йилда ўтган сўнгги президентлик сайловларида ҳам 93 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонгани бежиз эмас. 

Тўғри, гарчи ҳарбий бўлса ҳам, бошқарувининг илк йилларида у катта ўзгаришларни амалга оширди, мулкни хусусийлаштирди, мажбурий бошланғич таълимни киритди.

Аммо энг асосий сабаб бошқа ерда. Аҳолисининг 86 фоизи фанглар қабиласи вакилларидир. Шу сабабли этник зиддиятлар йўқ. Мамлакат президенти автоматик равишда мазкур қабиланинг бош доҳийси саналади. Шу сабабли бир қабила ичида етакчига қарши ҳеч қандай мухолифат бўлиши мумкин эмас.

Бошқа қабила вакиллари сони анча камлиги сабабли улар алоҳида ҳокимиятга давогарлик қилишга ҳеч қандай имконлари йўқ.

Қолаверса, 1991 йилда очилган нефть конлари ортидан келаётган миллиардлаб долларлар мамлакатда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш имконини берди. Пойтахтда кўплаб аҳоли учун имтиёзли ижтимоий турар жойлар – бир қаватли, олдида кичик гулбоғи уйлар, касалхоналар, мактаблар, олийгоҳлар қурилди.

Бироқ норози қатлам ҳам доим тишини қайрайди. 2000 йилда уч бора, 2004, 2009 ва 2017 йилларда давлат тўнтаришларига урунишлар бостирилди. Айбдорлар қаттиқ жазоланди.

«Форбс» журнали амалдаги президентнинг бойлиги 600 миллион долларни ташкил қилади. Ёши ўтиб бораётганини англаган президент ўз ўрнига катта ўғли Теодорина Нгема Обиангани тайёрламоқда. Ҳашаматга уч ва отаси даврида ялло қилишни яхши кўрадиган бу ўғил ҳозирда вице-президент лавозимини эгаллаган.

2016 йилда Швейцария прокуратураси унга нисбатан пул ювиш ва давлат хазинаси пулларини талон-тарож қилиш айбловлари бўйича жиноят иши қўзғатган эди. 2019 йил февралда тергов ҳаракатлари тўхтатилди.

Париж суди эса давлат пулларини ўзлаштириш борасидаги фирибгарликлари учун уч йилга сиртдан озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган ва катта жарима солинди. АҚШда ҳам унга нисбатан бир неча бор суд амалиётлари билан боғлиқ можаролар кўтарилган.

Шу тариқа Экваториал Гвинеянинг гарчи иқтисодий вазиятни Африкадаги бошқа мамлакатлардан анча яхши, барқарорлик таъминланиб келаётган бўлса ҳам, сиёсий келажагига таҳлилчилар томонидан шубҳа билан қаралади.

Гулрухсор Равшанова,
халқаро журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг