«Йилига 64 000 евро топиш мумкин...» – Бавариядаги магистрант билан суҳбат
«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши Умиджон Каримбердиев. Қаҳрамонимиз 2020 йили Германиянинг нуфузли Hanns Seidel Stiftung (HSS) жамғармасининг илк ўзбекистонлик стипендия совриндори бўлди.
Ҳозирги кунда Бавария федерал вилоятида жойлашган Отто Фридрих номидаги Бамберг университетининг «Бизнес бошқаруви» йўналиши магистратура босқичида таҳсил олмоқда.
Жамғарма стипендиясини қўлга киритган илк ўзбекистонлик талаба бўлдим
Мен Андижон вилояти Пахтаобод туманининг Маданият қишлоғида туғилганман. Аввал қишлоғимиздаги мактабни, кейин математика ва немис тилига ихтисослашган мактаб интернатини, сўнг эса коллежни ҳамда 2019 йил Тошкент молия институтининг «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» бакалавр йўналишини имтиёзли диплом билан тугатганман.
2020 йил Германияда магистратурани грант асосида ўқиш имконини берувчи Hanns Seidel Stiftung (HSS) жамғармаси стипендиясини қўлга киритган илк ўзбекистонлик талаба бўлдим. Ҳозирда Германиянинг энг қадимий университетларидан бири – Бавария федерал вилоятида жойлашган Отто Фридрих номидаги Бамберг университетининг (1647) «Бизнес бошқаруви» йўналиши магистрлик босқичида таҳсил оляпман. Шу билан бирга, «Edu-Action» компаниясининг Германияда ўқиш бўйича эксперти сифатида фаолият юритиб келаман.
Бизнинг университет амалий информатика ва иқтисодиёт йўналишларини ўқитиш бўйича Германияда ўзига хос мавқега эга. Бамберг жуда ҳам қадимий ва сўлим табиатли шаҳар, Регнитс дарёси ва Рейн-Майн канали ўртасида жойлашгани учун сувли ҳудудлар ва кўприклар жуда кўп, ана шунинг учун ҳам бу шаҳарни «Кичик Венеция» деб аташади ҳамда машҳур режиссёрларнинг доимий иш майдонига айланган. 1993 йилда эса Бутундунё мероси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига кирган. Қизиқарлиси, шаҳарда бугунги кунга келиб, ҳар бешинчи одам талаба ҳисобланади.
Домланинг ҳикоялари худди эртакдек туюлган
Германияга келишимнинг сабаблари кўп. Авваламбор, мен немис тилига ихтисослашган мактаб-интернатида ўқиганим ва устозим, «Шуҳрат» медали соҳиби Ҳасанбой домла Аҳмаджоновнинг Германияда бўлган пайтларида олган тажрибаларини кўпинча ўртоқлашиб келганини айтишим мумкин. Ўша пайтда домланинг ҳикоялари худди эртакдек туюлган ва албатта бориш нияти пайдо бўлган эди.
Кейинроқ эса билдимки, ҳақиқатдан ҳам Германия нафақат Европанинг иқтисодий-сиёсий юраги, балки хорижий талабалар сони энг кўп бўлган 5 та давлатдан бири ҳисобланар экан. Бунга сабаб таълим сифати, ўқишдаги эркин график, давлатнинг таълимга юқори эътибори, таълим муассасаларининг замонавий технологиялар билан жиҳозланганлигидир.
Қолаверса, Германияда кучли ижтимоий-сиёсат, қонун устуворлиги, соғлом турмуш тарзи, ватанпарлик ҳисси, юқори сифатдаги мижозлар билан ишлаш маданияти ва бизнес этикаси, иш ҳам, дам олиш ҳам ўз вақтида ва маромида амалга оширилиши, мўътадил иқлим, жуда ҳам мазали нонлар ва ширинликлар менда катта таассурот қолдирмоқда.
Чет эллик инвесторларга тушунарсиз бўлган молиявий ҳисоботларни соддалаштириш нияти бўлган
Магистрлик ишим ўзим кузатиб келган муаммо ечимига қаратишга ҳаракат қилдим. Хусусан, Ўзбекистондаги бухгалтерия ва молия соҳасида ҳам назарий, ҳам амалий билимларим бўлгани ва ушбу соҳадаги қатор камчиликларни билганим учун, менда доим чет эллик инвесторларга тушунарсиз бўлган молиявий ҳисоботларни соддалаштириш нияти бўлган, шунинг учун магистрлик диссертациям ривожланаётган мамлакатларда хорижий инвестицияларни жалб қилишда молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини амалиётга тўлиқ татбиқ этилишидаги камчиликларни бартараф қилиш учун таклифлар устида ишлашдан иборат.
Фурсатдан фойдаланиб мамлакатимиздаги шу хусусдаги айрим ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ҳам тўхталмоқчиман. Ўйлашимча, юртимизда молиявий ҳисоботлар ва солиқ тизимини халқаро стандартлар асосида ташкил қилишда малакали мутахассислар етишмайди.
Кейин юртимизда солиқ юкини камайтириш, рақамли иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш, инфляцияга қарши курашиш ва носоғлом рақобатга қарши курашишда сусткашликка йўл қўймаслик, хом-ашё эмас, тайёр маҳсулот экспортини ошириш, ҳудудларда интернет тезлигини ошириш ва нархини камайтириш, яширин иқтисодиёт улушини камайтириш керак, деб ҳисоблайман.
Давоматни ушлаб туришга эмас, билим беришга ҳаракат қилиш керак
Гарчи айтаётган таклифларим юртимизда амалга оширилаётган бўлса-да, яна такрорлашни ўринли деб ўйлайман. Яъни кредит-модул тизимига тўлиқ ўтиш, 24/7 ишлайдиган кутубхона ва интернет марказларини барча таълим муассасаларида ташкил қилиш, ўқишга киришни осонлаштириш, битиришни эса қийинлаштириш зарур, яъни давоматни ушлаб туриш учун эмас, билим бериш учун ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун эса семестер якунидаги имтиҳонларини ва диплом иши ҳимояларини тўлиқ шаффоф ўтказилишини таъминлаш лозим. Аниқроғи, талаба ўз кучи билан ҳамма фанларни топширмагунича диплом бермаслик мақсадга мувофиқ. Шунда талаба ўзи учун ҳам, диплом олиш учун ҳам билим олишга мажбур бўлади.
Бундан ташқари, яширин иқтисодиёт ҳажмини камайтириш керак, бунинг учун эса нақд ва нақдсиз тўлов тизими бўйича Германия тажрибасини қўлласа бўлади. Масалан бунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини синфларга бўлиш бўйича тутган йўлини қўллаш мумкин.
Бакалавр 46 000, магистр эса 64 000 евро
Германияга келиш ниятидагиларга тавсиям албатта биринчи навбатда мақсад қўйиб олиш керак. Тўғридан-тўғри ишга келиш бироз қийинлигини ҳисобга олиб, ўқишга ёки касбий таълим олиш учун келишга ҳаракат қилиш мумкин. Энг зўр томони шундаки, Германияда деярли барча давлат университетларида контракт тўловлари йўқ, қабул ва виза талабларини бажарса етарли, бемалол келиб, Европадаги энг сифатли таълимни текинга ўқиб, ўқишдан кейин энг йирик компанияларда тажриба орттириб, Ўзбекистонга потенциал инвестор ва малакали мутахассис бўлиб қайтиш имкони бор. Фикримча мамлакат ривожига ўз ҳиссасини қўша олиш эса энг шарафли вазифадир.
Маълумот учун айтмоқчиман, Германияда бакалавр дипломи билан ўртача 46 000 евро, магистр дипломи билан эса 64 000 евро йиллик даромад топиш мумкин.
Шифокорлар, юристлар, молиявий таҳлилчи-экспертлар, IT мутахассислари, банкирлар ва инженерлар эса юқори маош тўланадиган касблар ҳисобланади.
Йирик концернларда амалий тажриба орттирмоқчиман
Ҳозир илмий ишим устида университетдаги ва Ўзбекистондаги малакали профессорлар билан изланиш олиб боряпман. Кейинги йил ёзда ўқишни якунлаб, Германиядаги йирик концернларда бир неча йил мобайнида амалий тажриба орттирмоқчиман. Яқин келажакда эса албатта тўплаган илмий ва амалий тажрибаларим билан мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Сўнг сўз ўрнида эса шу интервьюни ташкиллаштирган Xabar.uz жамоасига миннатдорчилик билдириб қоламан. Хайрли ишларингиз бардавом бўлсин.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter