Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Келгуси йилдан давлат хизматчилари ротация қилинади

Келгуси йилдан давлат хизматчилари ротация қилинади

Фото: «Xabar.uz»

Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Давлат фуқаролик хизматида ротация қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Унга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинган давлат органлари ва ташкилотларида қуйидаги тартиб жорий этилади:

  • Давлат фуқаролик хизматчилари мажбурий, режали ва режадан ташқари тартибда ротация қилинади;
  • давлат фуқаролик хизматчиларини ротация қилиш бир давлат органи доирасида ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида амалга оширилади;
  • давлат фуқаролик хизматчиси ротация тартибида лавозимга тайинланганда танлов ўтказилмайди;
  • ротация тартибида лавозимга тайинланган давлат фуқаролик хизматчиларига ижтимоий кафолатлар ва тегишли компенсациялар белгиланади;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) давлат фуқаролик хизматида мажбурий равишда ротация қилиниши лозим бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимлари мониторингини олиб боради.

Давлат фуқаролик хизматчисини ротация қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

  • давлат фуқаролик хизматчиси шахсий ва касбга оид сифатлари, бошқарув кўникмаларини ривожлантириш;
  • давлат органи фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳудудларни жадал ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш;
  • раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш, давлат фуқаролик хизматчилари салоҳияти ва тажрибасидан оқилона фойдаланиш;
  • коррупциявий хавф-хатарлар олдини олиш.

Қуйидаги давлат фуқаролик хизматчилари ротация қилинмайди:

  • тайёрлаш, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтаётган;
  • ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
  • тиббий хулосага асосан ўзлари ёки улар билан бирга яшовчи оила аъзолари соғлиғи ҳолати ротация ўтказилаётган давлат фуқаролик хизмати лавозими бўйича хизмат мажбуриятларини амалга ошириш имкониятини бермайдиганлар;
  • пенсия ёшига етишига уч йил қолганлар.

Инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари давлат фуқаролик хизматчилари ротациясини амалга ошириш масалалари бўйича давлат органи масъул таркибий тузилмаси ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизматчиларини ротация қилиш мажбурий, режали ва режадан ташқари тартибда амалга оширилади. Давлат фуқаролик хизматчисини мажбурий ротация қилиш шартлари ва муддатлари унинг меҳнат шартномасида назарда тутилади.

Низом лойиҳаси муҳокамаси 25 ноябргача давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг