Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2050 йилда инсоният демография жиҳатдан мушкул вазиятда бўлади

2050 йилда инсоният демография жиҳатдан мушкул вазиятда бўлади

2050 йилга бориб Ер куррасида яшаётган ҳар олтинчи одам 65 дан катта ёшда бўлади. Туғилишнинг сусайиши ва қариш тенденцияси эса ижтимоий-иқтисодий муаммоларга доялик қилади. 

Бу ҳақда 1 октябрь – Халқаро қариялар куни муносабати билан эълон қилинган таҳлилда сўз боради.

Бутунжаҳон ижтимоий ҳисоботига кўра, сайёрамизда кексалар улуши ошиб бормоқда. 2021 йилда 65 ва ундан катта ёшдагилар 761 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2050 йилда улар сони 1,6 миллиардга етади. 60 ёшдан ошганлар эса курраи арз аҳолисининг 20 фоиздан ошиғига тўғри келади.

Кексалар сони ошиши қитъалар бўйича турлича кечади. Масалан, Осиёда қариялар миқдори кескин кўпайса, Африкада аҳоли ёш гуруҳлари мутаносиб равишда ошади.

2021 йилда Шимолий Африка ва Ғарбий Осиёда 65 ёшдан ошган 30 миллион аҳоли истиқомат қилган бўлса, 2050 йилда бу рақам 98 миллионга етади. Шарқий ва Жануби-шарқий Осиёдаги нуронийлар сони эса 293 миллиондан 598 миллионга ўсади.

Айни пайтда Европа ва Шимолий Америка мамлакатлари кексалар сони бўйича етакчи ўринни эгаллаган. Орадан чорак аср ўтиб, ушбу минтақаларда 65 ёш довонидан ошган 303 миллион нафар киши умргузаронлик қилади.

БМТ ҳисоботига қараганда, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг ривожланиш даражаси одамларнинг умр кўриш кўрсаткичига бевосита таъсир кўрсатади. Қашшоқлик, йўқчилик ва табақаланиш умр узунлигига соя солади.

Қариси бор уйнинг париси бор, дейилади кўҳна ҳикматларда. Умуман олганда, кексалар сони ошиши ижобий ҳолат. Аммо туғилиш кўрсаткичининг пасайиши ва аҳоли таркибида ёшларнинг камайиши ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради. Шунга кўра, халқаро экспертлар туғилиш ва кексайиш кўрсаткичларида мувозанат бўлиши кераклигини таъкидлайди.

Шу билан бирга, жаҳон мамлакатлари аҳоли таркибида улуши ошиб бораётган кексаларни муносиб ижтимоий ҳимоя билан таъминлаши ҳам лозим бўлади.

БМТ Бош ассамблеясининг 1990 йил декабрдаги резолюциясига мувофиқ 1 октябрь дунё миқёсида Халқаро қариялар куни сифатида нишонланади. Мазкур сана орқали кексаларнинг саломатлигини муҳофаза этиш, уларга керакли шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратиш мақсад қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг