Тоғай Мурод таваллудининг 70 йиллигига: Кечикиш (эссе)
Эртага, 3 февраль куни тирик бўлганида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати Тоғай Мурод 70 ёшга тўлган бўларди.
Тоғай Мурод (Менгноров Тоғаймурод) 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилоятининг Денов туманига қарашли Хўжасоат қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган. Биринчи йирик қиссаси – «Юлдузлар мангу ёнади» (1976).
«От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980), «Момо Ер қўшиғи» (1985) каби қиссалар, «Отамдан қолган далалар» (1993), «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» (2001) романлари муаллифи. Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва ҳикояларини, Э. Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.
Ёзувчи 2003 йил 27 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Бугун Миллий кутубхонада Тоғай Муроднинг хотира кечаси ўтказилмоқда.
Барча адабиёт мухлисларини Тоғай Муроднинг таваллуд куни билан муборакбод этиб, адибнинг ижодий йўлини давом эттириб, Тоғай Мурод йўлида ҳикоялар ёзиб келаётган, Тоғай Муроднинг ўзининг ғойибона устози ҳисоблайдиган сайтимиз муаллифларидан бири Тўра Муроднинг устози Тоғай Мурод хотирасига ёзган “Кечикиш” номли эссесини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
Юлдузим ҳали ёнади!
Юлдузим мангу ёнади!
Давраларим ҳали давом этади!
(«Юлдузлар мангу ёнади» қиссасидан)
1.
Ай, биродарлар!
Йигирмага кирганимда дўст топдим!
У Тоғай Мурод бўлди.
2.
Бўри полвонни ёзди.
Ёзгани менинг ичимдаги бўлди.
Дарди менинг дардим бўлди.
Мен полвон эдим, дўстлар!
Бўри полвончалик эмас эдим, лекин полвон эдим.
Полвон унча-мунчага тан бермайди, унча-мунча полвонга тан бермайди.
Мен Тоғай Муродга тан бердим!
Санаб нима қилдим, дунёнинг манаман деган адибларини ўқиган эдим. Мундайини кўрмовдим, мундайини ўқимовдим.
«Мени ёзибди», дедим. «Менинг тилим, менинг кураш усулларимни қайдан билибди?» дедим.
«Тоғай Мурод полвон экан», дедим. «Зўр полвон экан», дедим.
Полвон бўлмаса, шундай ёзмас эди. Ёзолмас эди.
«Ё, отамнинг пири! − ҳайқирди Тиловберди».
Бу калимани рақибимни усулга олиб, йиқитиш олдидан Тиловберди эмас, мен, Каримберди айтардим.
«Исмоилдан йиқилган Бўри полвон... йиғлаб юборди».
У ... мен эдим. Пешанасига муштлаб-муштлаб йиғлаган... мен эдим. Отамнинг қишлоғида даврадан бош эгиб чиқиб кетганимда йиғлаган.
Энди Тоғай Мурод дўстим бўлади.
«Ўлмасам, топиб, би-ир гаплашаман», дедим.
3.
Ай, биродарлар!
Тоғай Мурод акам бўлди!
У мендан катта экан.
У ҳақиқий полвон экан. У от чопар экан. Чавандоз экан.
Мен-да отни яхши кўрдим, отим бўлмади. Мен ўсган ерда от ўсмади. Отнинг зотини билмай ўсдим. Отдан қўрқиб ўсдим. От минмай ўсдим, минолмай ўсдим.
Бир кечада от ҳақида ҳамма нарсани билиб олдим.
Шу кеча от бўлдим.
Отга қўшилиб-қўшилиб йиғладим.
Сўлиғимни чайнаб-чайнаб йиғладим.
«Тишингни ғижирлатиб ухладинг, болам», деди Энам.
«Тоғай Муродни энаси ким экан-а?» дедим Энамга.
«Қайси Тоғай?» деди Энам.
Энамдан-да аразладим.
«Ўлмасам, Тарлон оламан», дедим.
«Хўжасоатга Тарлонда бораман», дедим.
«Тоғай акам шундайгина кўз олдимга опкеб қўйган Ҳайрондарадан ўтиб, Ҳолвачи қирларига чиқиб, овозим борича акамни чақираман», дедим.
«Ўлмасам, топиб, би-ир гаплашаман», дедим.
4.
Ай, ёронлар!
Тоғай Мурод шоир экан.
Унинг бирор насрида наср кўрмадим. Ҳар сафар китобидан шеър ўқидим.
Мен шеър ёзар эдим. Қофияли-қофияли қилиб ёзар эдим.
Тоғай Мурод ёзган шеърнинг қофияси ўқисанг, ичингдан келар экан, ичгинангдан келар экан.
Шеърнинг зўрини одамлар бирданига тушунмайди.
Тоғай акамни-да, одамлар бирданига тушунмапти.
Одамлар-ку, тушунган. Зўрга баҳони бергичлар тушунмапти. Берган баҳоси баҳо бўлгичлар тушунмапти.
Мен буни кейин билдим, кейин билдим.
Акам «Мен» деган нарса ёзган экан. Ғанимларига раҳматлар айтиб ёзган экан.
Кўп зуғум кўрган экан, шунда билдим.
Мен жонимдан ортиқ кўрганим, асарларини уч йиллаб-уч йиллаб, ҳеч қаерда чиқара олмай, сарсон бўлган экан, акам.
Шунча билан ҳам қўл силтаб кетмабди. Қайтанга янада жидду-жаҳд билан ёзибди, Тоғаймурод акам!
Яхши шеър ўқисам, ичидан куйи келгич эди.
Тоғай Мурод шеърларининг ичидан-да, куй келгич бўлди.
Дард келгич бўлди.
Эшилиб-эшилиб келгич бўлди.
Тоғай Муроднинг шеърлари зўр бўлди.
«Ўлмасам, Тоғай Муродни топиб, би-ир гаплашаман», дедим.
5.
Ай, биродарлар!
Тоғаймурод акам ҳамнафасим бўлди.
Мен ўзимни ҳофиз санаб юриб эдим. Куйчи санаб-куйчи санаб юриб эдим.
Ўзимдан-да зўр ҳофизни энди кўрдим.
Ашулалари меникидан-да дардли-дардли бўлди.
Йиғлаб-йиғлаб эшитдим.
Қўшилиб-қўшилиб айтдим.
Бу қўшиқ «Ойдинда юрган одамлар»нинг қўшиғи бўлди.
Қўшиқ тинглаб, энди йиғладим.
Айтиб-айтиб, энди йиғладим.
Оймомони энам деб йиғладим.
Момомизга аза очиб йиғладим.
Момомизга ўғил бўлгим келди.
Қоплон бобомизга-да ўғил бўлгим келди.
«Ака! Бунча ғамли қўшиқни, бунча дардли қўшиқни юрагингизга қандай сиғдирдингиз?» дедим.
«Ака! Ўқиб, шунча йиғладим, Сиз ёзиб, қанча йиғладингиз?» дедим.
«Сўқмоқда бир қизил кийим кўринди.
... Бу асл қўшиқнинг ўзи бўлди!
Асл қўшиқ турганда мухаммас қўшиққа йўл бўлсин!
Асл қўшиққа тараф йўқ!»
Мен қўшиқчилик қилмай қўйдим!
Асл қўшиқ турганда мухаммас қўшиққа йўл бўлсин!
Асл қўшиққа тараф йўқ!
6.
Аё, дўстлар!
Илк бор Тоғай Муроддан қўшиғи йўқ қўшиқ эшитдим.
Бу «Момо ер қўшиғи» бўлди.
Унинг ичида қўшиқ-да бўлмади, меҳр-да бўлмади.
Ичи тўла алам бўлди, ичи тўла қаҳр бўлди.
Англаганим шу бўлдики, унда тилга олинган улуғ шоир Тоғай Муроднинг ўзи бўлди. Қолган қаҳрамонлар Тоғай Муроднинг душманлари бўлди.
Англаганим шу бўлдики, бир ўч олай, деди, Тоғай Мурод.
Бир боплай, деди, Тоғай Мурод.
Душманларимни-да, бор бўйи билан ўқувчиларимга бир кўрсатай, деди Тоғай Мурод.
Отларини айтмасам-да, ўзлари таниб олар, деди, Тоғай Мурод.
Эшитиб қолдим, зўр қиссаларини тушунишни истамаганлар, менинг назаримда унча зўр бўлмаган, зарда билан ёзилмиш нарсага тушуниб эмишлар, мукофот-да бермишлар. Англаганим шу бўлдики, «Агар тушундик, демасак, зўр демасак, асаридаги ўзи айтган «Ўнлар қўмитаси»га кириб қоламиз», дейишган. «Тоғайдан балога қоламиз», дейишган.
«Бўлмаса исми шарифимизни аниқ қилиб ёзишдан-да тоймайди, полвон халқи сал... бўлади», дейишган.
Англаганим шу бўлдики, аччиқ билан ёзса-да, зарда билан ёзса-да, ўзининг тилида, ўзининг қаламида ёзибди, Тоғай Мурод.
Чунки, сержант Орзиқуловни-да танидим, Ойхол момони-да танидим.
Қишлоқни-да танидим, булоқни-да танидим.
Зардали бўлса-да, акамнинг сўзи — акамнинг сўзи-да!
«Ўлмасам, Тоғай Муродни топиб, би-ир гаплашаман», дедим.
«Қуруқ қўл билан бормайин», дедим.
«Ҳеч бўлмаса биттагина шеър китобчам чиқсайди», дедим.
7.
Тоғай Мурод яхши ҳикоя ёзар экан. Ҳикояни-да, яхши ёзар экан.
Қиссаларидан олов чиқиб-олов чиқиб ётгич эди.
Ҳикояларидан учқун чиқиб-учқун чиқиб ётгич бўлди.
Аслида, улар қиссалардан олдин ёзилган бўлди, шу учқунлар йиғилиб-йиғилиб, олов бўлиб, қиссаларга айланган бўлди.
«Бобоси билан невараси» шаҳар борди. Невара шаҳар кўрди.
«Катта-катта уйлари бўлди, одамлари кўп бўлди, кўчаларида одамлари олма, бодрингларни одамларга кўрсатиб ўтиргич бўлди». Воҳ-ай!
Шаҳарнинг таърифини кўринг!
Боланинг тасаввурини кўринг!
«Кузнинг бир кунида» «ўзимизнинг» Обидовични, талабасининг ғамини ўз ғами билгич «ўзимизнинг» содда Обидовични талабаси, шаҳарлик айёр талабаси, маккор талабаси, риёкор талабаси гел қилиб кетди.
Эзгулик билан ёвузлик жанги Гётедан-да қари, Эсхилдан-да қари.
Тоғай Муроднинг эзгулиги ёвузлик билан уруш-да қилиб ўтирмади, жанг-да қилмади.
Урушни ўқувчига ҳавола қилди, акам.
Эзгулик билан ёвузлик жанги мусичанинг «Ку-ку-ку»сига ошуфта истироҳат боғи директорининг муовини билан директор ўртасида ҳам давом этди.
Бу ерда жанг бўлди.
Ёвузлик бир зарб билан эзгуликни йиқитди.
Қалбимиздаги эзгулик мағлуб эзгуликка ҳамдард бўлди.
Қалбимиз бир кенгайиб олди.
Қалбимиз бир оғриди.
«Эр хотин»ни бир тарсаки урди.
Ёноғи кўкарди.
Меҳмонларга «Юзим билан йиқилдим деди», хотин.
Дами ичида эр энтикканидан нафаси титраб кетди.
Меҳмонлар-да, кетди. Хотин-да, тараддуд кўрди.
Эрнинг узрини кўринг!
Ўзи кўкартирган ёноқни ўпиб, узр сўради, лабларни-да ўпиб, узр сўради.
Кечаси хотинига тикилиб-тикилиб ўтирди. Тикилиб-тикилиб, қалбида аёлига шундай илиқ туйғулар кўпириб тошди-ки, ҳо-ов, ўшанда, синфдошига қараб-қараб ўтирганда-да, шундай бўлувди.
Аҳай-аҳай!
Қани ҳикояда севги деган сўз?
Қани ўша қуруқ сўз?
Айтмайди.
Ҳеч ким айтмайди.
Бу сўз ичингдан келади. Томоғингга тиқилиб келади.
«Ўлмасам, Тоғай Муродни топаман», дедим. «Би-ир гаплашаман», дедим.
8.
Тоғаймурод акамни излаб, Тош шаҳарга борар бўлдим.
Тоғаймурод акам йўл бермади.
Газетага ёзди:
«Адабиёт қасрига ҳар ким ўз асари билан киради», деди.
«Ура-ура билан кирма!» деди.
Тоғай Мурод у қасрда бўлди.
«Бир-иккита ҳикоям чиқсин, кейин борсам ярашар экан», дедим.
«Ҳозир нима деб бораман?» дедим.
Ҳикоя ёздим. Отини «Асал» дедим.
Ўқиган муҳаррир борки, бари мақтади, аммо бирови-да босмади.
Уч йилда чиқди. «Асал»им уч йилда «Асал» бўлди.
«Тоғай Мурод бўл-э!» дедим.
Ёзганим ўхшамади-я, ёзганимнинг чиқиши ўхшади-да.
«Яна иккови чиқсин, кейин бораман», дедим.
Бировгина ҳикояни кўтариб, чопгани уялдим. Ўзимгаям эп бўлмади.
«Ўлмасам, Тоғай Муродни топаман», дедим.
«Би-ир гаплашаман», дедим.
«Ҳикоямни ўқитаман», дедим.
9.
Тоғай Мурод аламзада бўлди. Аламли-аламли ёзди.
Кўнмай-кўнмай ёзди. Кўнолмай-да ёзди.
«Бу дунёда ўлиб бўлмайди», деди.
Қизил ҳукумат катталарини ёзди. Қизил партия катталарини ёзди.
Уларнинг тилидан қайта қурувчиларни сўкиб-сўкиб, ёзди.
Туртиб-туртиб, ёзди.
Чала муллаларни-да, сўкиб ёзди.
Баъзи ойимларни «қариб отин бўлган ғарлар», деб ёзди.
Тузумни тузумга қиёслади. Хулосани ўқувчининг ўзига қўйиб қўйди.
Унисининг-да, бунисининг-да, фожеасини бекитмади.
Унисининг-да, бунисининг-да, эришганини бежамади.
Ёзгани мағизли-мағизли бўлди.
Қаҳрамон райком бўлди, қаҳрамон обком бўлди, қаҳрамон шоир бўлди, қаҳрамон жинни бўлди, отин-да бўлди, демократ-да бўлди. Лекин ровий барибир Тоғай Мурод бўлди.
Ўқиб бўлгач, унисини-да яхши кўрмадинг, бунисини-да яхши кўрмадинг, Тоғай Муродни яхши кўрдинг!
«Ўлмасам, Тоғай Муродни топиб бораман», дедим. «Би-ир гаплашаман», дедим.
10.
Тоғай Мурод ёзибди:
«Биродар, фақат ёлғиз одам асар излайди. Фақат ёлғиз одам асар топади. Фақат ёлғиз одам асар яратади».
«Тавба-тавба», дедим. «Менга ёзибди», дедим. «Мени ёзибди», дедим.
Отадан ўновмиз, ёлғиздайман.
Аёлим бор, ёлғиздайман.
Ўғил-қизим бор, ёлғиздайман.
Ич-ичимдан ёлғизман.
Ёлғизлик истайман. Ёлғизликни севаман, астағфируллоҳ!
Ҳамдард йўқдай.
Тоғай Мурод-да, ёлғиз экан.
«У ҳамдард бўла олади», дедим.
Икки-уч оёқландим. Иймандим.
«Энди у машҳур», дедим. Мен кимман, дедим.
Дастурхоним арзирли бўлишини кутдим.
11.
Тоғай Мурод устозим бўлди.
Унга ўхшатиб-ўхшатиб ёздим.
Унга эргашиб-эргашиб ёздим.
«Тоғай Муродга ўхшасам», дедим.
«Ўхшай олсам қанийди?» дедим.
«Ёзганларига ўхшатиб ёза олармиканман?» дедим.
Яшириб нима қилдим, тақлид қилиб-да ёздим. «Узиб-узиб олиб»-да ёздим. «Юлиб-юлиб олиб»-да ёздим.
Ёзганимга ёпиштириб-да ёздим.
Уч-тўрти босилиб-да чиқди.
Ўв, биродарлар!
Тоғай акам кейин ҳеч ким Тоғай Мурод бўлолмаслигини, олдин-да ҳеч ким Тоғай Мурод бўлолмаганлигини исбот қилиб қўйди!
«Ўзбекка ҳайкал қўяман!» деди.
Қўйиб қўйди!
Бу гапни айтишга Тоғай Муродгача ҳеч ким журъат этолмади.
Тоғай Муроддан кейин-да, ҳеч ким айтолмайди.
Бу учун Тоғай Муроднинг юрагидек юрак керак.
Қани у, кимда бор?
Не-не «буюк»лар бор эди-ку, адабиёт майдонида?
Шу сўзни айтишга юраги бетламади.
Тоғай Мурод айтди!
Айтганини қилди.
Полвон-да!
Ҳайкал қўйди ўзбекка!
Ҳайкали «Отамдан қолган далалар» бўлди.
Мана, ўзбек ким?
Мана, ўзбекнинг дарди нима?
12.
Деҳқонқул — ўзбек!
Ҳамма ўзбек — Деҳқонқул!
13.
Ҳайкални ҳайкал деб тан олмаган кимсани, Тоғай Муродни Тоғай Мурод деб тан олмаган кимсани... ўйнаб қўяй!
«Ўлмасам, ўзбекка ҳайкал қўйган шерюракни — Тоғай Муродни топаман», дедим.
«Битта ҳайкалга дастхат ёздириб оламан», дедим.
«Энди бормасам бўлмас-ов», дедим!
14.
Ай, биродарлар!
Қирқимдан ошиб, беш-олти ёзганим босилиб чиқди.
Ёзганим беш-ўнтага маъқул бўлди.
«Энди Тоғаймурод дўстимни, Тоғаймурод акамни, Тоғаймурод шоиримни, Тоғаймурод ҳофизимни, Тоғай Мурод устозимни топмасам бўлмайди», дедим.
Ҳаловатим йўқ бўлди.
Тошкент бордим.
Устоз уйи Дархон бўлди.
Дархон тўла одам бўлди.
Одам тўла — Дархон бўлди.
Во дариғ!
Йигирма уч йил ҳам кутаманми, кўнглимдаги одам дийдорини?
Шунча ҳам пайсалга соламанми, дўст зиёратини?
Шунча ҳам ийманаманми, устоз олдидан бир ўтишга?
Йигирма уч йил «Ўлмасам, Тоғай Муродни бир кўраман», деб юрибман-юрибман-у, «Тоғай Мурод ўлиб қолса-чи?» демабман.
Ўв, биродарлар!
Дархон тўла одам бўлди, одам тўла Дархон бўлди.
Дархон тўла армон бўлди.
Тўла одам шу куни — мен Тоғай Муродни излаб борган куни Тоғай Муроднинг маъракасига йиғилган бўлди.
15.
Ай, дунёси қурсин!
Йигирма уч йил мен кутган Тоғай Мурод мени бир кун кутмади!
Бир кун бурун тонгда, оппоқ тонгда оппоқ йўлга чиқиб кетган бўлди...
16.
«Ўлим... тонг вақти келади, тонг вақти. Одамзот тонг вақти сўнгги бор ирода билан энтикади... озод, ҳам оғир энтикади», деган экан акам «Бу дунёда ўлиб бўлмайди»да.
Башоратмиди бу?
«Саҳар вақти ўлсанг, қандай соз!» деб ёзибди Суюгим.
Дийдорни Қиёматга қолдириб, Оппоқ Саҳарда, тонгдан-да оппоқ манзилларга йўл солибди, Ардоқлигим.
Акамнинг хотини, кўзларига дунё дарди тўлиб қолган хотини, акам «менинг ёлғиз дўстим», деган хотини, ўз исми ўзи билан Маъсума бўлган хотини Тоғай акамнинг қирқига борганимда акамнинг столидаги битта қоғозни кўрсатди:
«Энди бўлди. Энди мени энам чақиряпти!»
17.
Полвон акам юрагини чангаллаб йиқилибди.
Бундан шод бўлманг, ғаюрлар!
«Энди бўлди», деб акам бу ғурбатхонадан ўзи кетибди. Юрак бир баҳона, юрак бир сабаб.
Моҳият нимада?
Акам қилар ишини қилиб бўлди!
Тоғай Муродгача ҳеч ким қилмаган ишни, Тоғай Муроддан кейин-да ҳеч ким қилолмайдиган ишни қилиб бўлди.
Чарчади.
Тўйди.
Фақат менинг-да борлигимни, унинг дийдорига, гурунгига зорлигимни билмади.
Билса, сабр қилармиди...
Ҳеч қурса, бир кунгина сабр қилармиди...
18.
Юрагимга биров омбур солиб буради-омбур солиб буради.
Буровлар мени энкайтириб-энкайтириб юборди.
Бу айрилиқ дарди бўлди.
Бу жудолик дарди бўлди!
Мен дўстимдан айрилдим!
Мен акамдан айрилдим!
Мен устозимдан айрилдим!
Мен Умидимдан айрилдим!
Энди от олмайман!
Отлари сағир қолган Ҳайрондарага бормайман!
Мен энди ёлғиз қолдим!
Акамдан-да, ёлғиз қолдим.
Ўз уйимни ёпиниб олдим, ўз уйимга кўмилиб олдим.
Ёлғиз ётиб-ёлғиз ётиб, йиғладим.
19.
Ёлғиз ётиб-ёлғиз ётиб, йиғладим.
Ёлғиз ўтириб-ёлғиз ўтириб, йиғладим.
Ёлғиз туриб-ёлғиз туриб, йиғладим.
«Тоғаймурод акамга қуруқ мотам камлик қилади», дедим.
«Бир нима қилайин», дедим.
Ниятларим улуғ-улуғ бўлди.
Ниятларимга яраша кучим бўлмади.
Тоғаймурод акамнинг қошига бордим.
Тоғаймурод акам Чиғатойда бўлди.
Улуғлар билан қабатма-қабат бўлди.
Ер устида яқин бўлмаган юрт оғалари билан яқин-яқин бўлди, тупроқ остида.
Тоғаймурод акам маҳзун-маҳзун турди.
Келганларга айтар сўзи бир хил бўлди:
– Дуога айлансин, инсоннинг айтар сўзи!
Аллоҳга ёлвордим!
«Куч бер!» дедим.
«Ирода бер!» дедим.
«Сабр бер!» дедим.
«Йўлимни бер!» дедим.
«Бир сўз айтайин», дедим.
«Айтар сўзим дуога айлансин!» дедим.
«Бир китобга тартиб берай», дедим.
Аллоҳ китобнинг отини-да кўнглимга солди.
Китобнинг оти «Тоғай Муроддан қолган далалар» бўлди.
«Ўзбекка ҳайкал қўйган Тоғай Муродга ҳайкал қўяй!» дедим.
20.
Тоғай Муродга ҳайкал қўяман!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter