Кам таъминланган оилаларнинг нафақаларини «ейиш»дан тоймаётганлар аниқланди
Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг видеоселектор йиғилишида бошқарув раиси Ш.Жавлонов фуқаролар йиғинлари томонидан кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамлар тайинлаш қониқарсиз аҳволда эканини тан олди. Бу ҳақда «Xabar.uz» манбаси маълум қилди.
Молия вазирлиги билан ҳамкорликда жорий йилнинг 1 чораги давомида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун фуқаролар йиғинларига ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ҳолати ўрганилган.
Ижтимоий нафақаларни тайинлашда 1 191 та фуқаролар йиғинларида ўтказилган ўрганиш натижасида 795 нафар фуқарога 2 млрд. 646 млн. 700 минг сўм миқдорида ижтимоий нафақалар ноқонуний тайинлангани, шундан 1 млрд 581 млн. сўми тўлаб юборилганлиги аниқланган.
Маҳалла раиси ва масъул котиблар томонидан ҳужжатларни сохталаштириш натижасида ажратилган бюджет маблағлари ноқонуний сарфланган.
Мисол учун, Навбаҳор туманидаги «Ҳаловат тепа» МФЙ раиси ва масъул котиби 2016-2018 йилларда шу маҳаллада яшовчи турмушга чиқмаган 5 нафар хотин-қизлар номига Халқ банкининг туман филиалида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, 64 млн. сўм маблағни улар номига очилган пластик карточкаларга ойма-ой ўтказиб, ўзлаштириб юборган.
Шунингдек, 2016-2018 йилларда мазкур тумандаги маҳаллаларда рўйхатга олинмаган ва яшамайдиган 15 нафар фуқаролар номига очилган пластик карточкаларга 3 та яъни «Халоват тепа» (140 млн. сўм), «Қалқон ота» (30 млн. сўм), «Мирзо Улуғбек» (38 млн. сўм) МФЙларда жами 208 млн. сўм бюджет маблағлари ойма-ой асоссиз равишда ўтказилиб, ўзлаштириб юборилган.
Мазкур тумандаги маҳаллада рўйхатга олинмаган ва яшамайдиган 25 нафар фуқароларнинг пластик карточкаларига бир вақтнинг ўзида иккита, яъни «Мирзо Улуғбек» (119 млн. сўм), «Қалқон ота» (39 млн.сўм) МФЙларда жами 158 млн.сўм маблағ ойма-ой ўтказилиб, ўзлаштирилган.
Шунга ўхшаш йўллар билан Навоийда 467 млн. сўм, Тошкент вилоятида 378 млн. сўм, Фарғонада 319 млн. сўм, Наманганда 286 млн. сўм, Қашқадарёда 223 млн. сўм, Сирдарёда 161 млн. сўм, Самарқандда 160 млн. сўм, Андижонда 131 млн. сўм, Хоразмда 123 млн. сўм, Жиззахда 122 млн. сўм, Бухорода 118 млн. сўм, Сурхондарёда 79 млн. сўм, Қорақалпоғистон Республикасида 78 млн. сўм ижтимоий нафақа тўловлари ноқонуний тайинланишига йўл қўйилган.
Ноқонуний тўланган ижтимоий нафақалардан 848 млн. сўм бюджетга қайтарилган бўлса, 1 млрд 74 млн. сўмнинг асоссиз тўланишини олди олинган. Бундан ташқари, 1 млрд. 414 млн. сўм ноқонуний тўловлар юзасидан айбдорларга қонуний чора кўриш учун 418 та назорат ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter