Журналист Хуршид Далиевга таҳдид қилган фуқаро жавобгарликка тортилди
Шу йилнинг 31 август куни «Human.uz» сайти раҳбари, журналист Хуршид Далиевга нисбатан номаълум фуқародан таҳдид бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Унда журналист Андижон шаҳридаги мактабларда ишловчи «боши очиқ» аёлларнинг сирли рўйхатини очиқлаши, шунингдек, вилоятдаги мавжуд муаммоларни оммавий ахборот воситаларида ёритаётгани ортидан турли тазйиқ ва таҳдидга учраётганини айтиб, исбот тариқасида ўзининг уяли телефонига ҳақоратлар тўла СМСлар скриншоти илова этилганди.
Мазкур хабар тарқалганидан уч кун ўтиб, Ўзбекистон Републикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ушбу ҳолат бўйича ички ишлар органлари томонидан тегишли ҳаракатлар олиб борилиб, аризада кўрсатилган телефон рақам эгасини аниқлаш чоралари кўрилаётинини билдиргани ҳам ёдингизда бўлса керак.
Ниҳоят, журналистнинг «кўзини очиб» қўймоқчи бўлган «полвон»нинг шахси аниқланиб, жавобгарликка тортилди.
Маълум бўлишича, у пахтабодлик (Андижон вилояти) 1982 йилда туғилган А.Отамирзаев экан. Ҳеч қаерда ишламаслиги қайд этилган суд ҳужжатида зикр этилишича, А.Отамирзаев журналистнинг «боши очиқ аёллар рўйхати» ҳақидаги мақоласидан ғазабга тушиб, муаллифнинг уяли телефон рақамини қидиришга тушади. Таниш блогерлар орқали рақамни аниқлагач, йўлдан топиб олган (?) сим-карта орқали аввал қўнғироқ қилиб, Х.Далиевни ҳақоратлайди. Камига киши шаъни ва қадр-қимматига дахл қилувчи СМС-хабарлар юбориб таҳдид қилишгача боради.
Алоҳида қайд этиш керак, ҳуқуқбузар суд мажлисида «...бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган вақтда (журналистнинг гўёки) турли хил ташвиқотлари (?) халқда (маҳаллий раҳбарларга) нафрат уйғотади» мазмунидаги гапларига изоҳ беролмаган. Шу баробарида у қилмишидан пушаймонлигини билдириб, жабрланувчидан узр сўраган.
Андижон шаҳар маъмурий суди (суд раиси А.Шерматов) А.Отамирзаевни Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 41-моддасида (ҳақорат қилиш) кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топиб, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг 20 (йигирма) баробари миқдорида (4 460 000 сўм) жарима жазоси тайинлади.
Тайинланган жазога нисбатан томонларнинг шикоят-эътирози бор-йўқлиги хусусида ҳозирча маълумот йўқ. Бироқ, бундан қатъи назар, масала ҳали қонуний якунига етмаган кўринади. Гап шундаки, ҳуқуқбузар «ҳақорат қилганлик»ка оид айблов билан жавобгарликка тортилди. Унинг журналистга таҳдид қилганлик ҳолати эса дастлабки суриштирув жараёнида «ўйиндан ташқари ҳолатда» қолиб кетган гўё...
Шундан келиб чиқиб, «таҳдид ҳолати»га ҳуқуқий баҳо бериш учун «иш»нинг шу қисми Андижон шаҳар прокуратурасига юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter