Журналист аёлни ўлдирган қотил 50 йилга қамалди
Мексикада журналист Мирослава Брични ўлдирганликда айбланаётган эркакни 50 йил қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Бу ҳақда «El Universal» нашри хабар берган.
22 август куни Мехико суди қотилликда гумон қилинаётган Эль Ларри лақабли Хуан Карлос Моренони 50 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Жиноятчи маҳаллий йирик наркокартель бошлиғи ҳисобланади. Прокуратура 70 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилганди.
Мирослава Брич ўзи туғилиб ўсган Чиуауа штатида ҳукумат амалдорлари билан уюшган жиноятчилик ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш билан шуғулланаётганди. 2017 йил 23 март куни уйидан чиқиб машинага ўтираётган вақтда унга қарата ўқотар қуролдан саккиз марта ўқ узишган. Автомобилда журналист аёлнинг боласи ҳам бўлган, у шикастланмаган. Аёл 54 ёшга тўлганди. Қотил унинг танасида «Ҳаддан ташқари баланд овозда гапирганинг учун» деган ёзувни қолдирган.
Бричнинг ўлимидан сўнг «El Norte» маҳаллий газетаси ёпилган. Нашр бош муҳаррири ўшанда мамлакатда ростгўй журналистлар учун ҳеч қандай хавфсизлик кафолатланмагани, репортёрларнинг қотиллари эса жавобгарликсиз қолаётганини айтганди.
«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, Мексика 2020 йилда ўлдирилган журналистлар сони бўйича илк бешта мамлакатдан бири ҳисобланади. Жорий йил бошидан бери мамлакатда беш нафар журналист ҳаётдан кўз юмган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter