Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жосусликда айбланаётган журналистга 24 йил қамоқ жазоси сўралди

Жосусликда айбланаётган журналистга 24 йил қамоқ жазоси сўралди

Фото: Москва шаҳри суди

Москва шаҳри судида давлатга хиёнат ва жосусликда айбланаётган журналист Иван Сафроновнинг иши якунига етмоқда. Сўнгги мажлисда прокурор Борис Локтионов судьядан судланувчига 24 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашни сўраган.

Айблов томони, шунингдек, 500 минг рубль жарима ҳамда икки йил озодликни чеклаш жазосини ҳам талаб қилган.

Адвокат Евгений Смирновнинг маълум қилишича, маҳкама жараёнида айблов томони журналистдан айбини бўйнига олиш эвазига 12 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини таклиф қилган. Судланувчи бу таклифни рад этган.

Аввал хабар берганимиздек, И.Сафронов 2020 йил июль ойида Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинган.

И.Сафронов мамлакатдаги таниқли журналистлардан бири саналади. У узоқ йиллар «Коммерсант» газетасининг махсус мухбири сифатида фаолият юритган, кўп бора президент Владимир Путинга ҳамроҳ бўлиб, ташриф ва сафарларини ёритган. Қамалгунга қадар эса «Роскосмос» агентлиги бош директори Дмитрий Рогозиннинг маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган.

Айблов хулосасига кўра, журналист Чехия фуқароси Мартин Лариш ва сиёсатшунос Демури Воронинга махфий маълумотлар, жумладан, Россиянинг Ливия, Жазоир, Сербия ва МДҲ давлатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорлиги ва Суриядаги ҳарбий амалиётига доир файлларни берган.

Суддаги нутқида И.Сафроновнинг ўзи қўйилган айбларни ҳақиқатдан йироқ деб атаган.

«Айблов томони сўраётган жазо муддати асоссиз ва даҳшатли бўлиб, унинг оқибатлари нафақат менга, балки мамлакат нуфузига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бутун дунё журналист мақола ёзгани учунгина қамоққа ташланганига гувоҳ бўлади. Айблов ҳукмини эълон қилиш сўз эркинлиги мавзусини узоқ вақтга, эҳтимол, умрбодга ёпиш демакдир. Чунки кейин на сўз, на эркинлик бўлади», – деган у.

Журналист маҳкамани тўхтатиб, уни озодликка чиқаришларини талаб қилган.

Сўнгги хабарларга кўра, ушбу жиноий иш бўйича ҳукм 5 сентябрь куни ўқилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабрь ойида Россия президенти Владимир Путин инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари билан видеомулоқот пайти И.Сафроновга оид жиноий иш бўйича янглиш маълумот берган ва пировардида матбуот котиби Дмитрий Песков чалкашликка аниқлик киритган эди.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг