Жазирама: қон қуюқлашса нима қилмоқ керак?

Юртимизда ёз фасли бошланишига саноқли кунлар қолди. Шунга қарамай, аллақачон мамлакатимизда жазирама кунлар бошланди.Табиийки, бундай иссиқ ҳаво сурункали касаллиги бор айрим беморларга қийинчилик туғдиради. Қолаверса, юқори ҳарорат кўпчиликда қон қуюқлашишига сабаб бўлиши мумкин. ССВ матбуот хизмати мазкур масалада врач тавсияларини эълон қилди.
Хўш, бу саломатлик учун қанчалик хавфли?
— Қон – инсон тана аъзо ва тўқималарини кислород ҳамда зарур озуқа моддалари билан таъминловчи муҳим суюқлик, — дейди Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат диагностика маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Орифжон Арипов. — У инфекцияларга қарши курашиб, ички аъзолар фаолиятида иштирок этади.
Қон қуюқлашиши организмдаги ана шу жараёнларнинг бузилишига олиб келади. Оқибатда яширин касалликлар юзага чиқиши ёки янгилари пайдо бўлиши мумкин.
Айрим ҳолларда хасталик ёки ташқи омиллар сабаб қон таркиби бузилади ва унинг керагидан ортиқ қуюқлашиб кетиши ёки, аксинча, суюқлашиши кузатилади. Унинг қуюқлашиши томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Бу, ўз навбатида, инсульт ва инфарктга чалиниш эҳтимолини орттиради. Унинг суюқлашиши эса қон кетиши, бемор танасида кўкариш ва қон талашлар пайдо бўлишига олиб келади.
Икки ҳолатда ҳам тезда тиббий эҳтиёт чораларини кўриш зарур.
Қон қуюқлашишига кўпинча қаттиқ асабийлашиш, қандли диабет, шунингдек ширинликлар, картошка, банан, тухум, газли ичимликлар, фаст-фуд ва турли қовурма таомлар сабаб бўлади.
Қолаверса, бу ҳолат кам суюқлик ичиш, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши туфайли ҳам юзага келади.
Жазирамада қон қуюқлашиши тананинг сувсизланишига боғлиқ. Иссиқ ҳавода тер билан организмдаги сув буғланиб кетади.
Бу – қоннинг қуюқлашиши, унинг айланма ҳаракати қийинлашиши ва тромб ҳосил бўлиш хавфини оширади.
Натижада инсонда бош оғриғи, жиззакилик, тушкунлик, хотира пасайиши, ҳолсизлик, уйқучанлик, қўл ва оёқлар совқотиши, оғиз қуриши кузатилади.
Юрак тез уриши, нафас қисиши, тананинг турли қисмларида кўкаришлар пайдо бўлиши ва тирноқ шакли ўзгариши мумкин. Ҳатто, мияга қон яхши етиб бормаса, бош айланиши, ҳушдан кетиш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Бу салбий ҳолатлар эса томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлганидан дарак беради. Оқибатда инсульт ва инфаркт хавфи ортади.
Иссиқ ҳавода қон қуюқлашишига йўл қўймаслик учун етарли миқдорда суюқлик ичиш зарур. Энг яхшиси, табиий тоза сув ҳисобланиб, салқин ва аччиқ бўлмаган чой ҳам ичиш мумкин. Бироқ газланган ичимликлар асло мумкин эмас.
Қон ҳолатини текшириш учун шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Агар тиббий текширувлардан сўнг унинг қуюқлиги меъёрдан ортиқ экани маълум бўлса, зарур муолажалар тайинланади.
Бироқ қонни суюлтирувчи дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш мумкин эмас. Сабаби унинг ҳаддан ортиқ суюқлашиши жароҳатларда қоннинг тўхтамай қолишига олиб келиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter