Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жапаров Акаевнинг асосий хатосини айтди

Жапаров Акаевнинг асосий хатосини айтди

Қирғизистон собиқ президенти Асқар Акаев раҳбарлик даврида жиддий хатоларга йўл қўйган эди, дейди мамлакатнинг амалдаги президенти Садир Жапаров.

«Фабрика ва заводлар талон-торож этилди, дастгоҳлар хорижга пулланди. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳаси ортга кетди. Бу ўринда Акаевнинг айби йўқ, чунки у агроном эмас, олим. Бунинг учун ноқобил демагог вазирни айблаш мумкин. Айни чоқда, бу лавозимга марҳум Жумгалбек Омонбоев каби кучли мутахассисни қўйиш керак эди. Асқар Акаевич кадрларни танлашда ҳам хато қилганди», – деди Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида.

Мустақил қирғиз давлатининг илк президенти, 1991-2005 йилларда мамлакатни идора этган Асқар Акаев «Лола инқилоби» туфайли ҳокимиятдан кетган эди.  

Жапаров салафи узоқ муддат президентлик курсисини тарк этмаганини ҳам танқид қилган.

«Унинг энг асосий хатоси шундаки, 2004 йил март ойида юз берган ҳодисаларга, халқ уни ҳайдаб солишига йўл қўймаслиги керак эди. Яъни у 10 йил бошқарувдан кейин иззатини билган ҳолда ҳокимиятдан кетиши керак эди. Инсон табиатида шундай хусусият бор: одамлар ҳар куни кўрадиган одамидан чарчайди. У тилла одам бўлган тақдирда ҳам, инсонлар уни ҳар куни кўриб безор бўлади. Шу боис ҳам дунёда президентлар битта етти йиллик муддатга ёки 4-5 йилдан икки муддатга сайланади. Дунё тажрибаси маълум шахс президентлик курсисида узоқ ўтириши тўғри эмаслигини кўрсатган», – дейди Қирғизистон раҳбари.

Таъкидланишича, Акаев ўз вақтида лавозимдан кетганида, ҳозирда биринчи президент сифатида иззат-ҳурмат кўраётган бўларди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғиз Республикаси парламенти жорий йил 25 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Акаевнинг собиқ президент мақомини тиклаш тўғрисидаги сўровини рад этди.

«Лола инқилоби»дан кейин ватанини тарк этиб Россияда яшаб келаётган собиқ президент Қирғизистонда коррупцияга оид жиноятларда айбланган.

2023 йил январь ойида Акаевга нисбатан очилган жиноят ишлари ёпилгани хабар қилинган.

Садир Жапаров ўтган йил февраль ойида БААда Қирғизистоннинг собиқ президентлари билан учрашганди. Ўшанда собиқ давлат раҳбарлари ؘ– Асқар Акаев (1991–2005), Қурманбек Бакиев (2005–2010), Роза Отунбаева (2010–2011), Алмазбек Атамбаев (2011–2017) ва Сооронбай Жээнбеков (2017–2020) мамлакат равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга розилик бергани маълум қилинганди.  

Аммо воқеаларнинг кейинги ривожи миллий муросага эришилганини савол остида қолдиради.

Аввал хабар берганимиздек, Асқар Акаев Deutsche Welle радиосига берган интервьюсида президентлик давридаги энг катта хатоси нима бўлганини очиқлаганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг