Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жамғариладиган пенсия нега кам чиқишини биласизми?

Жамғариладиган пенсия нега кам чиқишини биласизми?

Ёшга доир пенсияга чиқаётган одамга иш фаолияти давомида жамғариб бориладиган пенсия пули ҳам тўлаб берилади. Бу пуллар ишлаган даври мобайнида ойлигининг маълум қисми жамғариб бориладиган дафтарчага йиғилиб борилади.

Лекин кўплаб мурожаатларга кўра, айрим ҳолларда шу пенсия жуда кам чиқмоқда ёки ишлаган даврларида пенсияга киритилмаган. Ойликдаги улушни пенсия тизимига киритмасликда ким айбдор бўлади, деган саволимизга Халқ банки ахборот хизмати жавоб берди.

Ахборот хизматининг айтишича, иш берувчи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунигача ҳар ойда шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этаётган ходимлар реестрини солиқ органларига юбориши шарт.

«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига кўра, жамғариб бориладиган пенсия бадалларини киритувчилар фуқароларнинг Жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг тегишлича камайтирилган суммаси ҳисобига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини иш берувчи ҳар ойда тўлаб бориши белгилаб берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги 595-сонли қарори 2-иловаси 33-бандига кўра, Мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларининг тўғрилиги, тўлиқлиги ва ўз вақтида тўланиши учун жавобгарлик мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларини тўловчи хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари зиммасига юкланади.

Шунингдек, Адлия вазирлигида 2005 йил 6 октябрда давлат рўйхатига олинган 1515-сонли «Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан, иш берувчилар фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни бюджетга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш билан биргаликда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш учун белгиланган шакл ва муддатларда ажратадилар.

Ҳар бир иш берувчи ҳисобот ойидан кейинги ойининг 15-кунигача ҳар ойда шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этаётган ходимлар реестрини жамғариб бориладиган пенсия тизими ягона маълумотлар электрон базаси форматида электрон ҳужжат сифатида шакллантириши иш берувчи солиқ рўйхатига олинган жойдаги Халқ банки филиалига электрон манбаларда тақдим этиши ёки уни Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги шахсий «тадбиркорлик субъекти кабинети» ёхуд Интернет тармоғининг реестрни юбориш имконини берувчи бошқа сайтлари орқали бевосита жамғариб бориладиган пенсия тизими ягона маълумотлар электрон базасига юбориши шартлиги белгилаб қўйилган.

Демак, бош ҳисобчидан жамғариб бориладиган пенсия маълумотлари ҳар ойда киритилаётганини сўраб, текшириб туришингиз мақсадга мувофиқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг