Ҳоким тадбиркорларга ер ажратиш масаласида мурожаат қилди
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тадбиркорларга мурожаати эълон қилинди.
Мурожаатда 2021 йил июнь ойида президентнинг тарихий фармони қабул қилингани, унга кўра ер участкалари фақат электрон онлайн-аукцион орқали ажратилиши белгилангани, туман (шаҳар) ҳокимларининг тўғридан-тўғри ер майдони ажратиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати бекор қилингани ҳақида айтилади.
«Шунга қарамасдан, жойларда ҳанузгача ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилмаларни қуриш, енгил қурилмаларни ўрнатиш, автобус бекатлари ўрнида ҳеч бир рухсатсиз савдо дўконларини қуриш каби салбий ҳолатлар кўплаб учрамоқда.
Айниқса, бундай қурилмаларнинг аҳоли яшаш массивлари ичида, йўлнинг ҳимоя ҳудудларида, катта босим остида бўлган сув, газ қувурлари ўтказилган ҳимоя ҳудудларида барпо этилиши ҳолатлари аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига, ташқи муҳандислик тармоқларини қисқа муддатларда таъмирлашга салбий таъсир қилмоқда.
Сўнгги вақтларда ўзининг танишлари орқали ер олиб беришни ваъда қилаётган ёки турли сохта «қарорларни» кўрсатиб, кадастр ҳужжатини кейин ҳал қилиб беришга ишонтириб, ер сотиб олишни таклиф этаётган шахслар кўпайиб кетди. Уларга ишонманг», дейилади мурожаатда.
Ҳоким ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерда қурилган бино ва иншоотларнинг мулк ҳуқуқи эътироф этилмаслиги, аксинча, ушбу ерни давлат заҳирасига қайтариш учун қурилган бинолар ҳеч қандай компенсация тўланмасдан бузилиши ҳамда айбдор шахслар жазога тортилиши ҳақида огоҳлантирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter