Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишлари масофадан давом эттирилади
Жорий йил 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков видеоконференция форматида Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори ўринбосари А.Вулф билан музокара ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнининг жорий ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан Ишчи гуруҳнинг 4-чи йиғилишини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгартиришларнинг сезиларли натижалари Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлган асосий давлатларнинг Ўзбекистонга нисбатан ижобий муносабатларига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, халқаро экспертлар республиканинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни тайёрлаш суръати ва сифатларига юқори баҳо бермоқдалар.
Юзага келган эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, жорий йил март ойининг ўртасидан Жаҳон савдо ташкилоти доирасидаги барча расмий тадбирлар тўхтатилганлиги борасида Ўзбекистон томони хабардор қилинди.
Шу муносабати билан, жорий йил 17 апрелдан Жаҳон савдо ташкилоти асосий органлари фаолиятини, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, масофадан амалга ошириш орқали тиклаш борасида ташкилотга аъзо бўлган давлатларнинг норасмий маслаҳатлашувлари бошланмоқда.
Аъзо бўлган давлатлар томонидан ташкилот фаолиятини масофадан амалга ошириш борасида ижобий қарор қабул қилинган ҳолда, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга номзод мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон бўйича ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилишларини тезкор ўтказилиши биринчи навбатдаги масала бўлади.
А.Вулф республикамизни Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ташкилот Котибияти томонидан Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги борасида ишонтирди. Бунинг учун Узбекистон тарафини мазкур йўналишда биргаликда амалга оширилаётган ишларни фаоллаштиришга чақирди.
Музокаралар якунида, ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида ишлаб чиқилаётган ташаббусларни тезкорлик ва сифатли илгари суриш учун Жаҳон савдо ташкилоти штаб-квартираси билан биргаликда амалга оширилаётган ишларни масофадан давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter