Италия собиқ ички ишлар вазири узоқ йилга қамалиши мумкин
Италия сенати бош вазирнинг собиқ ўринбосари ва ички ишлар вазири Маттео Сальвинига қарши суд ишини кўриб чиқишга рухсат берди. У 2019 йил августда мамлакатга муҳожирларни киритишдан рад қилгани учун суд қилинади, дея хабар берди «BBC News».
«Шимол лигаси» ўнгчилар партияси етакчиси Сальвини 100 дан ортиқ инсонни ноқонуний ушлаб турганликда айбланмоқда: Шимолий Африканинг туб аҳолиси Лампедуза оролидаги портга йўловчиларни туширишга рухсат бермагани учун 19 кун давомида кемада қолишга мажбур бўлган.
Бунинг учун сиёсатчи 15 йилга қамалиши мумкин. Таъкидланишича, унга қарши яна битта шунга ўхшаш иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Европага муҳожирларни олиб бораётган бундай қутқарув кемалари сўнгги бир неча йил давомида бир неча марта Италия қирғоқларига келишган. Сальвини бортида ноқонуний муҳожирлар бўлган кемани ушлаб туриш бўйича яна бир ҳолатга шахсан жавобгар.
«Италияни ҳимоя қилиш — жиноят эмас. Мен қилган ҳаракатларимдан фахрланаман», — деган Сальвини янги суд иши ҳақидаги хабарга жавобан.
2018 йил июнда Италия ҳукумати қутқарув кемаларига Ўрта ер денгизида, ҳатто, ҳалокат сигналини юбораётган бўлса ҳам, қочоқларнинг қайиғига ёрдам беришни тақиқлаб қўйди. Ўшанда «Aquarius» кемаси ҳамманинг эътиборини жалб қилганди. Унинг бортида бошпана излаб келган 629 нафар муҳожир, жумладан, 120 нафар вояга етмаган бола бўлган. Бироқ Сальвини Сицилия портига уни қабул қилишни тақиқлади. Пировард натижада Испания қочоқлар учун Валенсиядаги портни очиб берган.
Европада миграция инқирози 2015 йилда авж олди. Халқаро миграция ташкилоти (IOM) маълумотларига кўра, 2017 йилда Италия денгиз орқали келган энг кўп — 119 минг нафар муҳожирни қабул қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter