Италия президенти ким бўлиши деярли маълум

Италияда 24 январь куни мамлакат президентлиги учун сайлов бошлангани ҳақида хабар бергандик.
Бугун, 29 январь санасида сайловнинг еттинчи тури ҳам натижасиз тугади, бироқ етакчи сиёсий партиялар раҳбарлари бир тўхтамга келиб бўлишди, бу ҳақда парламент партияларининг таниқли вакиллари ОАВга маълум қилишди.

ОАВ хабарларига кўра, бош вазир Марио Драги бугун эрталаб республика президенти Сержо Маттарелла (ваколат муддати 3 февралда тугайди) билан ярим соат музокара олиб борган ва ундан ўз лавозимида қолишга розилик беришни сўраган. Драгининг фикрича, ҳозирги шароитда Маттарелланинг қайта сайланиши «мамлакатнинг манфааатлари ва барқарорлиги»га хизмат қилади. Суҳбатдан сўнг ҳукумат раҳбари партиялар етакчилари билан музокаралар столи атрофига ўтирган.
Шундан сўнг Римда бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда етакчи партиялар раҳбарлари Маттарелланинг номзодини қайта сайлаш учун тасдиқлашди. Тез орада партиялар етакчилари амалдаги президент билан учрашиб, унга ўз позицияларини маълум қилишади.
Эслатиб ўтамиз, еттинчи турдан сўнг овоз бериш варақаларида Маттарелла учун 387 та овоз берилган, янги президент сайланиши учун етарли 505 овоз тўпланмаганди.
Италия президентлиги учун сайловнинг саккизинчи тури Римда бугун соат 16:30 (20:30 т.в.)да бошланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter