Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Италия президентлиги учун «узоқ сайлов» бошланди

Италия президентлиги учун «узоқ сайлов» бошланди

Коллаж

Бугун, 24 январь куни Италия парламентида республика президентлигига номзод учун овоз бериш бошланди.

Президент бўлишга номзод биринчи турда учдан икки қисм овоз тўплаши лозим, тўртинчи турдан бошлаб мутлақ кўпчиликнинг овози керак бўлади.

Италия парламенти

Жами 1 008 киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Овоз бериш ҳаққоний деб тан олиниши учун камида 672 киши овоз бериши зарур. Сенатор ва депутатлар билан қаторда, абадий тайинланган олти нафар сенатор (ёши улуғлиги ва соғлиғидаги муаммолар боис уларнинг барчаси парламентга келиши шарт эмас) ва вилоятларнинг 58 нафар вакили, жумладан, губернаторлар овоз беради. «Radio 1» хабарига кўра, хориж сафаридаги камида икки нафар парламентарий карантин сабабли овоз беришга етиб келолмайди.

Коронавирусга чалинган ёки ўзини яккалашга ўтган парламентарийлар учун парламент биноси ташқарисида барча эҳтиёт чораларни қўллаган ҳолда махсус овоз бериш жойи ташкил этилди. Пандемия шароитидаги санитария тартибларидан келиб чиқиб, овоз бериш залида бир пайтнинг ўзида 50 дан ортиқ одам (овоз беришда) ва 200 дан ортиқ одам (овозларни санашда) бўлиши мумкин эмас.

Ва яна ўша пандемия шароити ҳисобга олиниб, кунига сайловнинг биттадан тури ўтказилади. Барча хавфсизлик чоралари кўрилган: барча ниқобда келади,ковид-сертификат ҳамда коронавирус тестининг манфийлиги ҳақида маълумотнома тақдим этади.

Италия конституциясига кўра, республика президентлигига номзоднинг ёши 50 дан юқори бўлиши шарт.

Натижасиз кун

Одатда президентнинг сайланишида турли партияларнинг ўзаро келишувлари муҳим ўрин тутади. Ваҳоланки, ҳозирча партиялар ўртасида номзодлар борасида умумий сиёсий келишувлар кузатилмаяпти. Шу сабабли, биринчи тур «номига» ўтказилади: бугунги сайловда асосан оқ (тўлдирилмаган) бюллетенларни кўриш мумкин. Давлатнинг янги раҳбари ким бўлиши масаласи эса фақат тўртинчи турдан бошлаб ойдинлашиб боради.

Ёрқин номзодлар

Марио Драги

Президентликка «энг яқин» номзодлар сифатида собиқ бош вазир ва Европа марказий банкининг собиқ раҳбари Марио Драги, яна бир собиқ бош вазир ва Иқтисодиёт бўйича еврокомиссар Паоло Жентилони, эски парламентарий, собиқ бош вазир Силвио Берлусконининг сафдоши Пьерфердинандо Казини ва Авлиё Эгидей католиклар жамияти асосчиси Андреа Риккардини кўрсатиш мумкин.

Марта Картабия (чапда) ва Мария Элизабетта Казелатти

Аёллар орасида ҳам кучли номзодлар бор — Марта Картабия (ҳозирги Адлия вазири), Мария Элизабетта Казелатти (Сенат раиси).

Мустақил номзод — Жулиано Аматони ҳам эсдан чиқармаслик керак.

«Олға, Италия», «Лига» ва «Италия биродарлари» ўнг-марказ партиялари вакили, собиқ бош вазир Силвио Берлускони сал аввал президентлик учун курашдан номзодини қайтариб олганди.

Силвио Берлускони

Сержио Маттарелланинг етти йиллик муддати 3 февраль куни якунига етади. Унинг ҳам ўзидан олдинги президент Жоржо Наполитано сингари қайта сайланиши эҳтимоли йўқ эмас.

Италия парламентар республика бўлгани билан, президент ваколатлари фақат конституция ва миллий бирдамлик кафолати сифатида чекланмайди, у парламентни тарқатиб юбориш, ҳукумат раҳбари ва аъзоларини тасдиқлаш каби кенг ваколатларга эга.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг