Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ислом Каримов Озарбайжон етакчиси Ҳайдар Алиевга қандай баҳо берган эди?

Ислом Каримов Озарбайжон етакчиси Ҳайдар Алиевга қандай баҳо берган эди?

Озарбайжон етакчиcи президентлик даврида Ўзбекистонга бир неча марта ташриф буюрган.

Фото: “Ҳайдар Алиев мероси” электрон кутубхонаси

12 декабрь куни Озарбайжонда мамлакатнинг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев вафоти муносабати билан хотира маросимлари бўлиб ўтди. Мамлакат расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, хотира куни муносабати билан давлат ҳокимияти, маданият ва санъат намояндалари, оддий халқ вакиллари миллат етакчиси руҳига ҳурмат бажо келтирган.

Қайд этилишича, Ҳайдар Алиевнинг энг катта орзуси мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ҳамда ишғол остидаги Қорабоғни озод қилиш бўлган. «Биз Қорабоғ масаласини ҳал этамиз. Фақат вақт керак. Озарбайжондан унинг ерларини ҳеч ким тортиб ололмайди. Босиб олинган ерларимиз албатта қайтарилади», – деган Ҳ.Алиев. Унинг бу орзуси эса орадан 17 йил ўтиб ўғли – амалдаги президент Илҳом Алиев томонидан рўёбга чиқарилган. Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар Арманистон Қуролли кучларига қарши кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди.

Озарбайжон матбуотига кўра, мамлакатнинг замонавий тарихи Ҳайдар Алиев номи билан чамбарчас боғлиқдир. Чунки у ҳокимиятга келгач, миллий уйғониш ва мустақиллик ҳаракати қатъий-мустаҳкам тус олган, замонавий давлатчилик пойдевори қўйилган ва мустаҳкамланган. Давлат раҳбари 1994 йилда хориж энергетика ширкатлари билан нефть конларига доир «Аср шартномаси» деб аталган битим имзолаб, мамлакатни иқтисодий тараққиёт сари бошлаган.

Манбаларга кўра, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов озарбайжонлик ҳамкасбининг сиёсий етакчилик қобилиятига юқори баҳо берган.

И.Каримов фикрича, Ҳ.Алиев Совет Иттифоқи парчаланган энг мураккаб даврда давлат раҳбари лавозимида фаолият юритиб, ўз мамлакатини донишмандлик билан долғаю довуллардан омон олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Озарбайжон миллий етакчисининг қувваи ҳофизасини ҳам алоҳида эътироф этган. Қайд этилишича, Ҳ.Алиев тарих, фалсафа, адабиёт бўйича саноқсиз исм ва фактларни ёдда сақлаб қола олган.  

«Бундай етакчига эга экани боис Озарбайжон халқига ҳавас қилса арзийди. У барча нарсани ёдда сақлайди. Асосийси, у аниқ, пишиқ-пухта ва изчил сиёсатга, позицияга эга», – деган И.Каримов ҳамкасби ҳақида.

Ҳайдар Алиев (1923-2003) совет даврида узоқ йиллар юқори раҳбар лавозимларда ишлаган, жумладан, Озарбайжонни идора этган. 1993-2003 йилларда эса мустақил давлат президенти сифатида фаолият юритган. Миллий етакчи хотирасига ҳурмат рамзи сифатида мамлакатда ва хорижда кўплаб ёдгорликлар ўрнатилган, ҳудудлар ва турли муассасаларга унинг номи берилган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг