Ирригация тизими ходими ва банк мутахассиси қўлга тушди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сариосиё тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Тўпаланг-Қоратоғ” ирригация тизимлари бошқармаси сув назоратчиси А.Н. Тўпаланг дарёси “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли дарё ва канал муҳофазасига тегишли 32 сотих ер майдонини фуқаро С.Х.га 73 500 АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 70 минг АҚШ доллари ва 39 млн сўм пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.Ш. (муқаддам судланган) 60 000 АҚШ доллари эвазига отаси номидаги фермер хўжалигининг 25 сотих ер майдонини юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқаро Н.Ю.нинг номига ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтиб келишилган пулдан 30 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Хатирчи тумани бўлими ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда банк мутахассиси бўлиб ишловчи А.Қ. отаси А.Қ. раҳбарлигидаги “Ch.O.” фермер хўжалигига ижара шартномаси асосида ажратилган 18,7 гектар ер майдонини фуқаро М.Х.га 200 млн сўмга сотишга келишиб, шундан 190 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Департаментнинг Мирзачўл тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Д.Э. (муқаддам судланган) фуқаро Ж.Е.га ўзини фермер хўжалиги раҳбари деб таништириб, унинг ишончига кириб, “А.” МЧЖга қарашли бўлган “Мирзачўл” СИУ ҳудудидаги 13 гектар ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, ушбу ер майдонини унга деҳқончилик қилиш учун 100 млн сўмга сотишга келишиб, шундан 56,2 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter