Интернетга уланиш тезлигининг 15 кундан сўнг оширилиши ҳақида «Ўзбектелеком» АК изоҳ берди
Сўнгги кунларда кўплаб оммавий ахборот воситалари, ЎзА — Миллий ахборот агентлиги маълумотларига асосланиб, 15 кун ичида Ўзбекистондаги интернет тезлиги 10 баробарга ошишини маълум қилди. «Ўзбектелеком» АК ушбу маълумотларга расман изоҳ берди:
«2018 йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ушбу йиғилишда Давлатимиз раҳбари интернет тармоғига уланиш нархини пасайтириш, шунингдек, уланиш тезлигини ошириш, 2020 йилгача МДҲ мамлакатлари даражасига етказиш топшириғини берди.
Компания ишлари барча йўналишларда юритилмоқда: маълумотлар узатиш тармоғи кенгайтирилмоқда, аҳоли интернет тармоғига юқори тезликда уланиш билан таъминланиши оширилмоқда, мижозларга хизмат кўрсатилмоқда ва халқаро ҳамкорлар билан фаол алоқа сақланмоқда.
Ўтган 10 ой мобайнида «Ўзбектелеком» АК да зарур такомиллашиш ишлари тизимли таҳлил қилинди, керакли ускуналар сотиб олинди, дастурлар ишлаб чиқилди ва ташқи канал имкониятларини кенгайтириш ва провайдерлар, операторлар ва охирги фойдаланувчилар учун интернет тармоғига чиқиш тезлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг бошида Ўзбекистон ташқи интернет каналларига уланиш фақат иккита халқаро боғлама орқали амалга ошириларди. 2018 йил бошига боғламалар ўз маҳсулдорлигининг чегарасида, деярли ишламай бошлаганди. Шу муносабат билан бугунги кунда компаниянинг техник хизматлари босқичма-босқич модернизация ишларини ўтказмоқда, бунинг натижасида «Ўзбектелеком» АК шу йилнинг охирига қадар, «UZTELECOM»дан канал сотиб олган операторлар ва провайдерлар истеъмоли учун зарур бўлган тезликни таъминлай олади.
Провайдерлар ва операторларнинг барча аризалари чекловларсиз ва тўла ҳажмда қондирилади. «UZTELECOM» компанияси «UZONLINE» ва «UZMOBILE» абонентлари учун янада жозибадор тариф режаларини жорий этишни режалаштирмоқда».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter