Интернет нархлари формуласи. «Ўзбектелеком» АК 2018 йилда нархларни пасайтириш бўйича аниқ режаларга эга
«Ўзбектелеком» АК абонентларнинг сифатли интернетдан фойдаланишини таъминлаш мақсадида халқаро бозорда телекоммуникация операторларидан қўшимча сиғим сотиб олмоқда. Бу ҳақида компания расмий сайтида маълум қилинди.
Республиканинг географик жойлашувига қараб алоқа каналлари минимум икки чегарадан ўтади, бизнинг ҳолатда – бу Россия ва Қозоғистон чегараларидир.
Натижада интернет хизматлари нархлари ошади. Шу муносабат билан айни вақтда Миллий оператор заҳира алоқа каналларини очиш имкониятларини кўриб чиқяпти. Глобал тармоққа уланиш тезлиги ва барқарорлигини ошириш учун Франкфурт ва Гонконгда жойлашган жаҳоннинг йирик етказиб берувчилари билан тўғридан-тўғри боғланиш чоралари изланяпти.
Хорижий давлатларда интернет трафикни мамлакат ҳудудида локаллаштириш камида 60 фоизни ташкил этади, Ўзбекистонда эса бу 19 фоизга тенг. Шу сабаб «Ўзбектелеком» АК жаҳонинг етакчи интернет ресурслари ва порталларини локаллаштиришни режалаштиряпти.
Сифатли миллий контентни ривожлантириш учун шароитларни яратиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Компанияда миллий контент ролини оширишга қаратилган лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Мисол учун, бу ресурслар билан алоқани ташкил этиш масалаларини ҳал қиладиган пиринг маркази ташкил этилмоқда.
Халқаро каналлар ижараси ва маълумотлар узатиш хизматлари учун нархларни шакллантириш механизми АКТ вазирлиги томонидан 2010 йилда тасдиқланган. Мазкур ҳужжат ўртача 1 Мбит/с нархининг миллий оператор харажатларидан келиб чиқиб шакллантирилишини кўзда тутади. «Ўзбектелеком» АК вазирлик томонидан тадиқланган нархларни шакллантириш тартибига қатъий амал қилади.
Ўзбекистонда 2017 йилнинг сентябрида валюта сиёсатининг либераллаштирилиши натижасида «Ўзбектелеком» АКнинг халқаро интернет каналлари ижараси учун валюта харажати ўртача икки баробарга ошди.
Қўшни давлатлардан трафикни компания валютага сотиб олади, маҳаллий бозорда эса уни сўмга тарқатади. Шунингдек, харажатларнинг сезиларли қисми ускуналарни ижарага олиш, эксплуатация қилиш ва модернизациялашга ишлатилади.
«Ўзбектелеком» АК 2018 йилда нархларни пасайтириш бўйича аниқ режаларга эга ва халқаро операторлар билан халқаро каналлар ижараси нархини оптималлаштириш юзасидан доимий равишда музокаралар олиб боряпти. Табиийки, интернет тарифлари нархларини тушириш кўзда тутиляпти.
«Улкан харажатларга қарамай, мижозларга содиқлик компания фаолиятида биринчи ўринда туради», дейилади «Ўзбектелеком» АК хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter