Илғор технологиялар маркази японларни қизиқтириб қўйди
Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA – Japan International Cooperation Agency) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида «ЎзА» хабар берди.
Учрашув давомида Япониялик мутахассислар Илғор технологиялар марказининг фаолияти, улар олиб бораётган ишлар билан танишар эканлар, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдиришди.
Музокараларда иштирок этган JICAнинг лойиҳаларни шакллантириш бўйича маслаҳатчиси Азума Кэндзиронинг маълумот беришича, ҳозирда бир гуруҳ ўзбекистонлик ёш тадқиқотчиларнинг Японияда таълим олишлари бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.
Суҳбатдан сўнг Агентлик вакиллари Илғор технология марказининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Марказнинг физика, кимё, биология, геология, геофизика, биофизика, биохимия лабораториялари уларда катта қизиқиш уйғотди. Марказ ходимлари уларга бир неча дақиқаларда суюқлик ва қаттиқ жисмларнинг юзга яқин кимёвий элементларини аниқлаб берувчи ускуналар, ер қимирлашини ва ер қатламининг сейсмик ҳолатини аниқловчи асбоблар,турли касалликлар ва уларга мойилликни эрта аниқлаш бўйича олиб борилаётган генетик изланишлар,фойдали қазилма бойликларни қидириш бўйича тадқиқотлар ҳақида сўзлаб беришди.
Инновация вазири ўринбосари Шерзод Шерматовнинг қайд этишича, Илғор технологиялар маркази халқаро ташкилотлар, жумладан, JICA билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр. Марказнинг малакали мутахассислари турли халқаро лойиҳаларда иштирок этиши учун барча имкониятлар яратилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter