Икки қарич ип (карантин ҳангомалари)
Наҳорда дарвоза тақиллаб колди.
Чиқсам, қўшним экан.
—Ассалому алайкум, қўшни.
Келинг, хизмат?
— Ваалейкум ассалом. Узр, безовта қилдим.
Сизларда икки қаричдек ингичкароқ чўзма ип топиладими? Уйни роса изладим, топилмади, савил.
—Ингичка ип?
Нимага керак бўлиб қолди?
— Эх қўшни, март ойида карантин бошлангандан кейин аптекадан битта ниқоб сотиб олгандим. Шу десангиз, ўзи яхши турибди-куя, боғичи илвираб тамом бўлди. Қўлинг акашак бўлгурлар, боғични маҳкамроқ матодан қилишмаган. Мана, энди ҳозир кўчага чиқай десам панд бериб турибди!
Тақмасам, жаримаси қанча бўлишини биласиз-ку?
Қўшнимнинг анча-мунча хасисларни ортда колдиришини билардим-у, лекин...
(Ҳазрат Навоийнинг Астрободда кесак ушлаб турган ҳолатда Маждиддинга қилган ғазабнок хитоби ёдимга тушиб кетди).
— Қўшни, ип қидириб юрамизми?
Уйда беш-олтита янги ниқоб бор эди, биттасини берақолай.
— Исроф гуноҳ эканлигини билмайсизми, иним? Янгисини нима қиламан, икки қарич ип бўлса, бериб туринг. Бўлмаса, нариги қўшнидан сўрай қоламан.
— Хўп, ҳозир қараб кўраман...
Ғудраниб, ҳовлига қайтдим.
Шунда ишком устунларига ювилган кийимлар тортилган дорга кўзим тушиб қолди.
Уйдан қайчини олиб чиқиб, энди қирқмоқчи бўлгандим, аёлим ҳай-ҳайлаб қолди.
— Бу нима қилганингиз, ахир? Кирларни ер билан яксон қиласиз-ку!
Унга вазиятни тушунтирдим.
Бу савил қолгур икки қарич ипни тиқилинчда у ҳам тополмаса бўладими?
Сабрим чидамай кетди, у ёқда қўшни маҳтал. Қайтиб яна уйга кирдим ва захирада турган очилмаган ниқоблардан бирининг боғичларини шартта юлиб олдим.
Дарвоза томон боришда ниқобни чўнтагимга солдим ва боғичларни қўшнимга тутқаздим.
— Э рахмат-ей, қўшни!
Мушкулимни осон қилдингиз.
Майли, энди мен бораколай...
Унинг изидан анча пайт қараб қолдим...
Кейин чўнтагимдан қулоқчалари узилган ниқобни ахлат қутига ирғитмоқчи бўлдим-у, ўйланиб қолдим...
Одамлар тўрт ой тақиб юрган ниқобига боғич ахтариб юришибди-ку, сен янги ниқобни ташлайсанми?
Шу хаёл билан уйга кириб, ниқобни ғаладонга солиб қўйдим ва енгил нафас олдим.
Мабодо, шу ниқобга боғич керак бўлиб қолса, мен ҳам бирорта қўшнидан икки қаричгина ингичка ип сўрарман...
Азамат Тоштемировнинг facebook саҳифасидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter