«Икки идора «ўйин»ларидан чарчадик...»
Навоий вилоятининг ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси 8-сонли ёнғин хавфсизлиги ходимлари шу йилининг 1 майидан ишсиз қолди. Қизиғи, 23 йилдан буён «Қизилқумцемент» АЖ заводида ўт балосидан муҳофаза қилиб келаётган шахсий таркиб фаолияти негадир тўхтатилди. Ишсиз қолган фуқароларнинг айтишича, аввалги шахсий таркиб тугатилиб, янгисига алмаштирилган. Ғалати-я.....
Замон шунақа бўлди. Энди ёпиқ қозон аввалгидай ёпиқлигича қолмайди. Ҳар бир ишни ўз номи билан аташ даври келди. Юқоридаги ҳолатни таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик эвазига чўнтак қаппайтириш мақсадида ўйлаб топилган «ҳар иккала томонга ҳам манфаат келтирадиган» иш дейиш мумкин. Чунки, бу юмуш завод раҳбарларигаям, ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мутасаддиларигаям зиён келтирмайди. Хўш, нима бўлибди? 20-30 та одам ишсиз қолса қолибди-да. 15 йил ишлаганми, 20 йил ишлаганми, энг зўр малакали ёнғин хавфсизлиги мутахассисими – нима фарқи бор. Қаловини топиб қор ёғдираяптилар-ку.
Мулоҳаза учун бир гап. Шу кунларда бу тизимда ишга жойлашиш «ставка»си қанча мингдир «кўки»гача чиққан. Буни тизимда ишга жойлашган ҳар бир ходим биларкан.
Қайдам. Қўлга тушмаган ўғри эмас. Яна бир борки, шамол бўлмаса, дарахт учи қимирламагай...
Йўқса, 20 нафардан ортиқ одамни ишсиз қолдириш кимга керак?
Тайёр ишидан ажралганлар бир неча бор «Қизилқумцемент» АЖ корхонаси раҳбари Бахтиёр Умрзоқов ва Навоий вилояти Ёнғин хавфсизлиги раҳбари Завқиддин Пардаевга мурожаат билан чиққанлар. Аммо, масала ҳал этиб бўлинган, энди тўрт томонингиз қибла. Қаерга борсангиз боринг, деган жавобдан бошқа гап йўқ. Бу орада ҳар куни «меҳнат дафтарчангизни олиб кетинг», дея кадрлар бўлимидан телефон орқали айтиладиган хабар одамларнинг ҳиқилдоғигача келган. Вилоятдаги халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилди эртанги кунидан умиди сўнгган одамлар. Бироқ...
Битта иш ўрни яратиб, бир одамни банд қилиш машаққат бўлиб турган бугунги кунда турли йўллар билан одамларни тайёр ишидан мосуво қилиб, ишсизлар сафига онгли равишда қўшиб қўйишни нима деб оқлаш мумкин?
Ғ.Абдуллаев
Навоий
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter