Ижтимоий тармоқлар: Тўғри фойдалансангиз руҳий саломатлик учун қандай ижобий томонлари бор?
Ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсири ҳақида кўп гапирилади, лекин уларнинг руҳий саломатлик учун фойдали томонларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Тўғри фойдаланилганда, ижтимоий тармоқлар бизнинг ҳаётимизни янада бойитиши ва руҳиятимизга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу нималарда кўринади?
Ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш:
Ижтимоий тармоқлар бизга дунёнинг турли бурчакларидаги дўстларимиз, оила аъзоларимиз ва ҳамкасбларимиз билан боғланиб туриш имконини беради. Бу айниқса, узоқ масофаларда яшайдиган яқинларимиз билан мулоқот қилиш учун жуда қулай. Янги одамлар билан танишиш ва ўзимизга ўхшаш қизиқишларга эга бўлганлар билан мулоқот қилиш имконини ҳам яратади.
Маълумот олиш ва билимларни ошириш:
Ижтимоий тармоқлар турли хил маълумотлар, янгиликлар ва билимлар олиш учун ажойиб манба бўлиб хизмат қилади. Қизиқарли гуруҳлар ва саҳифаларга аъзо бўлиш орқали биз ўзимизни қизиқтирган соҳалардаги янгиликлардан хабардор бўлишимиз, билимларимизни оширишимиз ва янги кўникмаларни эгаллашимиз мумкин.
Ўзини ифодалаш ва ижодий салоҳиятни ривожлантириш:
Ижтимоий тармоқлар ўз фикрларимизни, ҳиссиётларимизни ва ижодий ишларимизни бошқалар билан баҳам кўриш имконини беради. Бу эса ўзимизни ифодалашга, ижодий салоҳиятимизни ривожлантиришга ва ўзимизга бўлган ишончни оширишга ёрдам беради.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш:
Ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар, жамоалар бизни қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаши ва ёрдам беришлари мумкин. Ўзимизга ўхшаш муаммоларга дуч келган одамлар билан мулоқот қилиш, тажриба алмашиш ва маслаҳат олиш имкониятига эга бўламиз.
Кайфиятни кўтариш:
Қизиқарли видеолар, кулгили мемлар ва ижобий постлар кайфиятимизни кўтаришга, стрессни камайтиришга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқларнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор. Муҳими, улардан онгли равишда фойдаланиш ва вақтни чеклашдир. Умуман фойдаланмайдиганлар ҳам бор, уларга ўзининг реал ҳаёти қизиқроқ, балки онлайн ҳаёти борларга шубҳа билан қараши ҳам мумкин. Булар инсоннинг мақсадига қараб қилинадиган индивидуал танловлар, бирини тўғри, бирини нотўғри дейишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Бироқ, мутахассис сифатида салбий ва ижобий томонлари ҳақида маълумот бериб ўтишни лозим кўрдим.
Агар сиз ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдалансангиз, улар сизнинг ҳаётингизни турли ранглар қўшиб бойитиши ва руҳий саломатлигингизга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мадина Мийтан, психолог
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter