Ижара нархлари Тошкентнинг қайси туманларида қимматроқ экани айтилди
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Тошкент шаҳри туманларидаги кўп қаватли уйларда ижара нархлари қандай эканлигини таҳлил қилди.
Таҳлил натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлардаги ижара нархи ўртача 339 АҚШ долларига тенг. Ижара нархлари бўйича энг паст нарх Сергели ва Олмазор туманларида, энг баланд нарх эса Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилди.
Ижара бизнесининг даромадлилиги (rental yields - уйни ижарага бериш орқали бир йилда олинадиган даромад) Тошкент шаҳри учун 10 фоизни ташкил этади.
Қиёслайдиган бўлсак, бу рақам Руминияда 6 фоизни, Полшада 5 фоизни, Германияда 3 фоизни, Туркияда эса 2 фоизни ташкил этади. Ҳозир Тошкентда кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромад ўртача банк валюта депозитлари тушумидан (3,4 фоиз) уч баравар кўпроқ. Бу ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида жамғармаларни кўчмас мулкка сарфлаш ва уни ижрага бериш валютада депозит кўринишида сақлашдан кўра фойдалироқ эканлигини кўрсатади.
Хонадон ва ижара нархи нисбати (price/rent ratio) кўрсаткичи Тошкент учун 10 йилни ташкил этади. Бу кўрсаткич Туркияда 52 йилга, Германияда 34 йилга, Полшада 18 йилга, Руминияда 17 йилга тенг. Демак, Тошкентда шахсий уйга эгалик қилиш ижарада туришга қараганда арзонроқ. Бу эса табиий равишда одамларда ижрада туришдан кўра ўз уйига эга бўлиш истагини кучайтиради.
Тошкент шаҳри марказидаги хонадоннинг ўртача нархи ЯИМнинг киши бошига тўғри келадиган улушидан (price/GDP per capita ratio) 50 баробар кўп. Бу кўрсаткич Украинада 158 баробар, Россияда 87 баробар, Буюк Британияда 66 баробар, Швейцарияда 20 баробар, Германияда 17 баробар, Люксембургда 5 баробарни ташкил этади. Бу умумий ҳисобда одамларнинг харид қобилияти паст ёки юқорилигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент шаҳрида хонадон ижараси бозори шаклланишнинг бошланғич босқичида турибди.
Урбанизация жараёнининг жадаллашиб бораётганини инобатга олиб, ижара бозорини ривожлантириш учун қуйидагилар тавсия этилади:
- ижарада турувчиларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш;
- ижара нархлари кескин ўзгаришини назорат қилиш (мисол учун Германия тажрибаси каби), ижара нархини шаҳар буйича ўртача нархдан сабабсиз кескин 10 фоиздан кўпроққа ошира олмасликни қонунан белгилаш;
- бозорда информацион асимметрия муаммосининг олдини олиш мақсадида уй эгаси ва потенциал ижарачини тўғридан-тўғри боғлайдиган информацион технологияларни кенг жорий этиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter