«ICTWEEK Uzbekistan 2019» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигига старт берилди
Бугун, 24 сентябрь куни Халқаро савдо маркази (ITC)да «ICTWEEK Uzbekistan 2019» ҳафталигининг расмий очилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
«ICTWEEK» — ахборот технологиялари соҳасида эришилган натижалар ва амалга оширилаётган лойиҳалар намойиш ва муҳокама қилинувчи майдон.
Матбуот анжуманида сўзга чиққанлар ҳафталик доирасидаги муҳим тадбирлар ва жиҳатларга урғу беришди.
Тошкент шаҳрида «ICTEXPO 2019» кўргазмаси, «DIGITAL UZBEKISTAN» ҳамда «Инновацион технологиялар ва ШҲТнинг инновацион ривожланиш» форумлари, «MGov Award» ҳамда «Softline Cybersecurity Day» конференциялари, «АCЕR» матбуот анжумани ва қатор тадбирлар ўтказилади. Бир пайтнинг ўзида «ICTEXPO 2019» кўргазмаси ва бошқа бир қатор тадбирлар Фарғона шаҳрида ҳам бўлиб ўтади.
Матбуот анжуманида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари, «ICTWEEK Uzbekistan 2019» ташкилий қўмитаси раиси Олимжон Умаров сўзга чиқди.
Маълум қилинишича, эртанги форумни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ҳамда Беларусь Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш вазири Константин Шулган кириш сўзлари билан очиб бериши кутилмоқда.
Форумда Ўзбекистондан ташқари, Беларусь, Россия, Хитой, Буюк Британия, Украина, Жанубий Корея каби мамлакатлардан маърузачилар иштирок этади. Электрон тижорат, рақамли иқтисодиёт, рақамли соғлиқни сақлаш, рақамли таълим, нарсалар интернети, 5G ва албатта стартаплар каби энг илғор ва долзарб мавзулар кун тартибидан ўрин олади.
«ICTEXPO 2019» кўргазмаси 25—27 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» МКМ ҳамда Фарғона шаҳридаги ТАТУ Фарғона филиалида бўлиб ўтади.
Кўргазмада ахборот технологиялар ва хизматлар бозорида тақдим этилган замонавий технологиялар ва ечимлар намойиш этилади. Ушбу кўргазмада маҳаллий ва халқаро компанияларга жой ажратилган.
Жаҳоннинг етакчи телекоммуникация брендлари, ёритиш ва электр жиҳозларини этказиб берувчилари ва ишлаб чиқарувчилари, уяли телефон ишлаб чиқарувчилари, мамлакатимизнинг етакчи телекоммуникация операторлари, ахборот порталлари ва интернет-дўконлари, давлат идоралари ва бошқа компанияларнинг ускуналари намойиш этилади.
Давлат солиқ қўмитаси, мамлактимизнинг таълим, почта алоқаси соҳасидаги тизим интеграторлари ва IТ-компаниялари, шунингдек АКТ соҳасидаги олий ўқув юртлари қаторида Россиянинг етакчи сунъий йўлдош алоқаси оператори ҳам кўргазмада қатнашади
Кўргазманинг дастлабки икки куни — 25 ва 26 сентябрь кунлари B2B форматида — ишбилармонлар учун, учинчи куни — 27 сентябрда B2C форматида — фойдаланувчиларга бағишланган.
Ўзбекистонда биринчи марта Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлигида «MGov Award» давлат мобил иловаларини ишлаб чиқиш бўйича республика танлови бўлиб ўтади. Соғлиқни соғлиқни сақлаш, таълим, туризм, тадбиркорлик, транспорт ва логистика соҳаларидаги ишланмалар қабул қилинади. Мусобақага расман жорий йилнинг 26 сентябрида «Ўзэкспомарказ» МКМнинг анжуманлар залида старт берилади.
Танловнинг мақсади — ёшлар ва университет талабаларининг салоҳиятини IT-соҳаси жалб қилиш, ривожлантириш, кучайтириш ва рағбатлантиришдир — танловнинг жами мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларига тенг, шундан 50 минги ғолибга, қолган қисми иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаганларга берилади.
Бу йилги ҳафталикда биринчи марта (26 сентябрь куни Халқаро бизнес марказида) «Ахборот технологиялари ва ШҲТнинг инновацион ривожланиши» форуми бўлиб ўтади. Эътиборли жиҳати, бу Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг илк инновацион форуми ҳам бўлиб, анъанавий давом эттириб борилиши ренжалаштирилган.
Форум иштирокчилари — хорижий давлатлар, ШҲТ мамлакатлари дипломатик корпуслари, давлат органлари раҳбарлари ва вакиллари, Ўзбекистон ва хорижий IТ-компаниялар, жамоат ва илмий ташкилотлар — ШҲТ мамлакатларида ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича муаммоларни муҳокама қилиш ва қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Бу форумнинг энг муҳим вазифаларидан бири бу давлат органлари ва IT-бизнес вакилларининг, шунингдек экспертлар ҳамжамиятининг АКТ соҳасидаги миллий ва минтақавий даражадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича консолидацияланган позициясини шакллантиришдир.
«ICTWEEK» дастурида яна бир янги тадбир — WESG киберспорт бўйича жаҳон чемпионатининг миллий саралаш босқичи ўтказилади. Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистон киберспортлари профессионал лигасининг якуний босқичида кўргазмалар ҳам бўлиб ўтади. Республика босқичи гранд-финали 27 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади.
Турнир ҳақида батафсил маълумот қуйидаги манзилда: https://t.me/esports_uzbekistan
«ICTWEEK» турли номинациялар иштирокчиларини тақдирлаш маросими билан якунланади.
Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ўтказилмоқда.
Воқеалар ривожини ҳафталикнинг ахборот ҳамкори «Xabar.uz» билан бирга кузатиб боринг!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter