Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳукмдорнинг энг қора куни ёхуд лаҳаддан чиқа олмаган Бойқаро фожиаси

Ҳукмдорнинг энг қора куни ёхуд лаҳаддан чиқа олмаган Бойқаро фожиаси

Қабрни очган навкарлар ҳайратдан лол бўлиб қолишди. Улар Хуросон ҳукмдорини Хиротдаги ўзи қурдирган мадрасага шоҳона дафн этиш учун вақтинчалик гўрни очишган эди. Не ажабки, мурданинг тирноқлари синиб кетган, кафан ярим ечилган, ҳамма ёкда қон доғлари бор эди. Демак, подшоҳни ҳушидан кетганда ўлди деб тириклайин кўмишган. Афтидан, у ҳушига келиб ўзини димиққан лаҳадда кафанланган ҳолда кўргач, бор кучи билан қабрдан чиқишга интилган. Аммо Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқарога гўрдан чиқиш насиб этмади...

Султон Ҳусайн Бойқаро (1438–1506) Хуросоннинг 36 йиллик ҳукмдори, шунингдек, Ҳусайний тахаллуси билан шеърлар битган шоир, ҳукмдорлигининг илк даврида мамлакатида ободончилигу фаравонлик ишларини бошлаган, адабиёт, санъат ҳомийси, ҳазрат Алишер Навоийнинг дўсти сифатида маълум.

Аммо унинг фожиаси ва қора кунлари Хадичабегим исмли гўзал аёлни канизак сифатида ҳарамига олган 1470 йилдан бошланди. Ишва ва ноз-карашмалари билан султонни ўзига ром қилган Хадичабегим оз вақт ичида Ҳусайн Бойқаронинг хотини, малика даражасига етишди. Шунингдек, у «махди улё» унвони билан тобора ичкиликбозликка берилаётган султоннинг сиёсат тизгинини қўлига олиб, давлатнинг ички ва ташки сиёсатида муҳим роль ўйнай бошлади.

Ачинарлиси шундаки, бутун салтанат мусулмонлари Имоми Аъзам мазҳабига риоя қилган бир вақтда, Ҳусайн Бойқаронинг хотини, малика Хадичабегим шиаликнинг ўта мутаассиб оқими бўлган рафизия мазҳабининг вакиласи эди. Ҳатто султон маликанинг таъсирига берилиб, бутун аҳли суннат вал жамоат олдида намоздаги хутбага ўн икки имомнинг исмини қўшиб ўқитишга қарор қилади. Шукрки, фожиали тугаши мумкин бўлган ҳолатни Навоий ва Жомийлар бартараф қилиб, султоннинг қарорини ўзгартирадилар.

Хадичабегимнинг «қўпорувчилик» ҳаракатлари ва султонни тобора ўз таъсирига олиши, ҳатто Ҳусайн Бойқаронинг фарзандлари – Бадиуззамон ва Музаффар Мирзолар орасидаги нифоққа сабаб бўлади. Мамлакат ички низолар исканжасига тушиб қолади.

Айниқса, Навоий ҳазратларидек зот ҳам султоннинг невараси сиймосида бўлажак адолатли ва қудратли ҳукмдор сифатида Мўмин Мирзони кўриши кўпга бормади. Орзу ва умидлар сўнди. Негаки, 11 яшар навқирон шаҳзода ҳам қонхўр Хадичабегимнинг найранг тўрида жон берди. Малика 1497 йили бир гўзал қизни Ҳусайн Бойқарога рўпара қилиб, айши ишрат пайтидаги мастлик даврида Мўмин Мирзони камон ипига тортиб ўлдириш ҳақидаги фармонга муҳр бостирди.

Ихтиёриддин қалъасига қамалган шахзода, бобосининг муҳр босган фармонини кўриб, «Васиятим шулки, ишингиз битгач, бобом фармонини ўша камон ипининг бир қаричи ила боғлаб, ўзларига кайтариб беринг. Бобомга айтингки, ўз авлоди ила муросага келолмай жаллод хизматига муҳтож подшоҳ салтанати узоққа бормагай!» дея жаллодлар қўлида шаҳид бўлди.

Камон ипи билан бўғиб ўлдирилган Мўмин Мирзони ҳийлагар малика «Шахзода қалъа девори оша ҳибсдан қочаман дея ҳалок бўлди» деб овоза тарқатишга уринди.

 Аммо сир ошкор бўлди. Бойқаронинг кайфи ариб ўзига келгач, шаҳзодани қутқаришга кеч бўлган эди.

Ҳусайн Бойқаронинг қора кунлари дўсти Мир Алишер Навоийнинг ўлимидан кейин анча кучайди. Дўстини ҳаётда ҳам ҳурмату эъзоз қилган султон улуғ шоирнинг дафн маросимига бошчилик қилди. Навоийнинг қариндошларига ғоят меҳр кўргазиб, дўсти вафотининг 20-кунида Сари Хиёбон майдонида катта маросим уюштиради.

Ана шундан кейин Ҳусайн Бойқаронинг қора кунлари бошланди – Хуросонда ички низолар ва парокандалик авж олди. Бу вақтга келиб ҳаёти ва салтанатининг асл таянчи бўлган Навоийдек дўстидан айрилган, кексалик онларини шароб билан қориштириб сархуш ўтказаётган Бойқаронинг салтанати таназзулга учраётганди. Негаки, Мовароуннаҳрни фатҳ қилган Шайбонийхон Жайҳунни кечиб, Балхни қўлга олган, энди Ҳиротдек шаҳри азимга тобора яқинлашиб келарди.

Айниқса, 1506 йилда Шайбонийнинг жангу жадалларда қўли баланд келиб, Бойқарони мағлубиятга учратиши аниқ бўлиб қолган эди. Шу йили зулҳижжа ойида, Бобо Илоҳий мавзесидаги жангда Шайбонийнинг устунлиги сезилиб, унинг қўшини Ҳирот томон шиддат билан интилади.

Бу вақтда шаробхўрликни одат қилиб олганидан, унинг ёноқларидаги майда қизил томирлар тарам-тарам бўлиб бўртиб турар, елкаси букчайиброқ қолган, буйраги ва жигари ишдан чиққан, касалманд ҳолга келиб қолганди. Натижада, бир томондан хасталиги, иккинчи тарафдан мағлубият аламидан Бойқаро ҳушидан кетиб, унинг вужудида ҳам ҳаёт-мамот жанги борарди. Оқибатда фожиа юз берди.

Душман тобора саройга яқинлашаётганда, султоннинг амалдорлари унинг чуқур уйқуга кетганини билмай, ўлдига чиқариб, бу воқеани жанг арафасида душмандан ҳамда ўз қўшинидан яшириб туриш максадида уни шошилинч равишда дафн этадилар. Бу султон Ҳусайн Бойқаронинг энг қаро куни эди.

Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг