«Ҳокимларнинг тадбиркорларга тазйиқ ўтказишини тўхтатиш устида ишлаяпмиз» — Президент
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида ҳокимларнинг тадбиркорларга ўтказаётган тазйиқларини танқид қилди.
«Бизнес аҳли ҳақида фақат солиқларни тўлаш ва текширишлар пайтида эслайдиган замонлар ўтиб бўлди. Шу нуқтаи назардан, солиқ қонунчилигини мақбуллаштириш борасида биз анча иш қилдик, лекин ҳали олдимизда янада катта вазифалар турибди ва биз уларни албатта амалга оширамиз.
Айрим маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тадбиркорлар ишига аралашиш, «телефон ҳуқуқи»дан фойдаланиб, уларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учраб тургани ҳам бор гап. Биз бундай муаммоларга узил-кесил нуқта қўйиш устида ишлаяпмиз. Агар биз тадбиркорларни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратиб бермасак, хусусий корхоналар сонини кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети ночор аҳволда қолаверади.
Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз керак: тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш – фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсадидир.
Бу соҳадаги мавжуд камчилик ва нуқсонларни ҳал этишда мамлакатимиз ҳаётини янада эркинлаштириш, очиқлик ва ошкоралик муҳитини, жамоатчилик назоратини кенгайтириш муҳим роль ўйнайди, деб ишонаман», деган президент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter