Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳожатхона учун 1 гектар ер!» — Бош прокуратура ноқонуний қарорларни аниқлади

«Ҳожатхона учун 1 гектар ер!» — Бош прокуратура ноқонуний қарорларни аниқлади

Фото: «Xabar.uz»

Прокуратура органлари томонидан туризм соҳасига оид қонунчилик ижроси устидан назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Таъкидланишича, туризм ривожида замон талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари (СГШ), яъни жамоат ҳожатхоналари муҳим ўрин эгаллайди.

Мамлакатимизда 25 млн.дан зиёд хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун меъёрга асосан ўртача 12,5 мингта СГШга эҳтиёж мавжуд.

Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида 2019-2021 йилларда СГШлар қуриш учун ер участкалари аукционсиз берилган.

Ушбу имтиёздан айрим «тадбиркорлар» умуман фойдаланмаган бўлса, айримлари уддабуронлик билан фойдаланган.

Ўрганишлар, ушбу тартибга асосан ҳокимликлар томонидан 485 та ёки ҳар тўртта мурожаатлардан учтасига ер участкалари ажратилмаганлигини кўрсатмоқда.

Ажратилганларида эса СГШлар қурилиши, ишга туширилиши ўрганилмаган ёки масъуллар томонидан бу борада ноқонуний қарорлар қабул қилинган.

Ёки, СГШ учун ажратилган 41 та ер майдонида савдо, маиший хизмат ва овқатланиш масканлари қурилиб, уларга эгалик ҳуқуқи ноқонуний расмийлаштириб берилган.

Жумладан, Самарқанд шаҳри ва Миробод туманида 1 тадан, Ангрен 2 та, Учтепа ва Паркентда 3 тадан, Олмалиқ шаҳри, Гулистон ва Оқолтинда 4 тадан, Мирзаободда 8 та ва Сардобада 11 та шундай ҳолат аниқланган.

Шу жумладан, ер участкалари ўлчамига (80-100 м2) қўйилган талаблар ҳам қўпол равишда бузилган.

Масалан, ҳожатхона учун Мирзаободда «M.T.» фермер хўжалиги ва фуқаро С.К.га 1 гектардан, фуқаролар С.Х. ва Б.Ж.га 0,8 гектардан ер майдони ажратиб берилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан кадастр ва қурилиш бўлимлари масъулларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг