«Ҳисобда йўқ» тарбияланувчиларни қурилиши битмаган бинога яширган боғча мудирасига нисбатан суд ҳукми чиқди
Яқинда Самарқанд шаҳридаги 58-сонли мактабгача таълим муассасасидаги (МТМ) ҳисобга олинмаган тарбияланувчилари МТМ яқинида қурилаётган бино ҳудудида яширилганлигига оид хабарлар тарқалганди. Яхшигина шов-шув бўлган мазкур ҳолат юзасидан ўз вақтида ушбу муассаса мудирасига нисбатан жиноят иши қўзғатилган экан.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ҳукмига кўра, собиқ мудира С.Р. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «г» банди ва 209-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга бир йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 1 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Судланувчи 68 нафар тарбияланувчининг ота-оналари томонидан тўланган жами 14 млн. 054 минг сўмлик бадал пул маблағларини муассаса ҳисобхонасига кирим қилмасдан, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда ҳамда муассасанинг бир неча ходимлари номига ёзилган жами 1.389.619 сўм мукофот пул маблағларини уларнинг имзоларни сохлаштириб ўзи олганликда айбланганди.
Суд жазо тайинлашда келтирилган зарарлар қопланганига алоҳида эътибор қаратгани айтилади.
Ҳукмга нисбатан судланувчининг шикояти яқинда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг кассация инстанциясида кўриб чиқилди.
Вилоят суди судьяси (иш бўйича маърузачи) Б.Алиқуловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, кассация шикояти икки ой давомида синчиклаб кўрилди, ўрганилди. Натижада, судланувчининг 1.389.619 сўм мукофот пул маблағларини ўзлаштирганлик ҳолати тасдиғини топмади. Шунга кўра, биринчи босқич суди ҳукми ўзгартирилиб, айбловдан Жиноят кодексининг 209-моддаси 1-қисми чиқариб ташланди.
Ҳукмнинг қолган қисми ўзаришсиз қолдирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter