Ҳиндистонда номаълум касаллик тарқалди: бир киши вафот этган, 300 дан ортиқ киши касалхонага ётқизилган
Ҳиндистон жанубидаги Андҳра-Прадеш штатида номаълум касаллик симптомлари аниқланган бир киши вафот этди, 300 дан ортиқ инсон касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда «Regnum» агентлиги «The Hindu» газетасига (7 декабрь) асосланиб хабар берди.
Фақулодда вазият Элуру шаҳрида юзага келган. Касалхоналарга номаълум касаллик симптомлари мавжуд беморлар келиши 5 декабрдан бошланган. 6 декабрь кечки пайтга келиб, бундай беморлар сони 315 нафарга етган. Касалланганларнинг 46 нафари болалар, 70 нафари аёллар. Беморларда беҳушлик, бош айланиши, бош оғриғи ва тутқаноқ аломатлари кузатилган.
Айни пайтга келиб касалланганлардан аксариятининг аҳволи ўнгланаётгани айтилмоқда. Уларнинг ҳеч бирида коронавирус инфекцияси аниқланмаган.
Сув, озиқ-овқат, беморларнинг қон намуналари суд-тиббиёт экспертизасига юборилган. Ҳозирча касаллик қўзғатувчиси номаълумлигича қолмоқда. Штат соғлиқни сақлаш раҳбарларининг дастлабки тахминича, оммавий касалланишга сифатсиз сув, озиқ-овқат ёки ҳавонинг ифлосланиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter