Ҳиндистон пойтахтини «ажал тутуни» қоплади
Ҳиндистон пойтахти Деҳлини аномал смог (тутун) қоплади. Мамлакат шимолида ҳаво сифати бир ҳафтада кескин ёмонлашиб кетди.
Мамлакатда ўпка орқали қонга ўтувчи ҳавони ифлословчи канцероген моддалар — PM2.5 миқдори 13 ноябр куни ЖССТ тавсия қилганидан 50 баравар кўплиги (!) қайд этилди.
Ҳаво сифатини кузатувчи IQAir компанияси берган маълумотга кўра, бугун 18 ноябр куни Деҳлида ҳавонинг ифлосланиш даражаси 1500 бирликни ёки ЖССТ тавсия қилганидан 15 баравар кўпни ташкил этган.
Пойтахт шифохоналарида нафас ва ошқозон-ичак касалликларига чалинган беморлар сони кескин ошиб кетди.
Деҳлидаги смог ҳатто авиақатновларга ҳам халақит берди. Пойтахт маъмурияти мактабларни ёпиб, қурилиш ишларини тўхтатмоқда. Шаҳарга юк машиналарининг (энг зарур нарсаларни ташувчиларидан ташқари) кириши тақиқланди.
Ўтган ҳафта кўмир ва ўтин ёқиладиган барча соҳаларнинг ишлаши тақиқланган, қолаверса, фавқулодда хизматлардан бошқаларнинг дизел ёнилғисидан фойдаланиши ман этилган эди.
30 миллиондан ортиқ аҳоли яшовчи Деҳли ва унга туташ вилоят анъанавий тарзда қишда ҳавонинг ифлосланиши бўйича халқаро рейтингларда етакчи бўлмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ёмон ҳаво деҳлиликлар умрини етти йилгача қисқартирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter