Ҳарвард университети Трампнинг талабларини бажаришдан бош тортди

Трамп Ҳарвард университетидан узрхоҳлик талаб қилмоқда
АҚШдаги энг нуфузли олий таълим масканларидан бири – Ҳарвард университети президент Доналд Трампнинг талабларини бажаришдан бош тортди. Шу сабаб Трамп маъмурияти мазкур университетни 2,2 млрд доллар миқдоридаги федерал грантлардан маҳрум қилди.
Ҳарвард президенти Алан Гарбер Оқ уй қўйган талабларни университет мустақиллиги ва академик эркинликка зид деб атаган.
«Университет (моддий манфаат учун) ўз мустақиллигини қурбон қилмайди ва конституциявий ҳуқуқларидан воз кечмайди. Қайси партияга мансублигидан қатъи назар, бирор бир ҳукумат хусусий университетлар қандай дарс ўтиши, кимни ишга ёллаши ва қабул қилиши, қайси йўналишларда тадқиқот олиб бориши борасида кўрсатма беришга ҳақли эмас», – дейилади университет раҳбарияти баёнотида.
Маълумки, 2023 йил 7 октябрь куни Исроил армияси ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан кейин минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Сўнгги бир ярим йил мобайнида АҚШдаги кўплаб университетлар қатори Ҳарвард университетида ҳам Фаластин тарафдорлари томонидан норозилик намойишлари ўтказилди.
Намойишчи талабалар Фаластин давлати тузилишига имкон бериш, Исроилнинг Ғазодаги хунрезлигини тўхтатиш, шунингдек, Вашингтондан яҳудий давлатини бир томонлама қўллаб-қувватлашни бас қилиш каби талабларни илгари сурганлар.
Намойишчилар шиори: «Ҳарварддан қўлингни торт!» Фото: Reuters
Трамп жорий йил 20 январь куни президентлик лавозимига киришгач, аксилисроил намойишлари ўтказилган университетларга босимни кучайтирди. Оқ уй маъмурияти уларни яҳудийлар ҳуқуқини бузиш ва антисемитизмда айблади.
Жумладан, 11 апрель куни Оқ уй мулозимлари томонидан Ҳарвард университети раҳбариятига йўлланган мактубда ижтимоий фаол талабаларнинг таъсирини камайтириш, ходимларни ишга қабул қилишда уларнинг ирқи, жинси, эътиқоди ва мамлакатини инобатга олишни бас қилиш, «американча қадриятларга душманларча кайфиятдаги» талабаларни ўқишга қабул қилмаслик, ходимлар ва талабаларнинг қарашлари ҳамда ўқув дастурлари юзасидан аудит ўтказиш каби талаблар қўйилган эди.
Ҳарвард раҳбарияти ушбу талабларни академик эркинликка таҳдид сифатида рад этгани ортидан президент Трамп университет солиқ борасида берилган имтиёздан ҳам маҳрум қилиниши ҳақида баёнот берди.
Оқ уй Ҳарвард университети «яҳудий миллатига мансуб талабалар камситилгани учун» узр сўраши кераклигини айтмоқда. Фаластин ҳуқуқларини ҳимоя қилиб намойишлар ўтказган профессор-ўқитувчилар ва талабалар эса Конституцияда мустаҳкамланган намойиш ҳуқуқини антисемитизм билан чалкаштирмаслик кераклигини таъкидламоқда.
Исроилни шартларсиз дастаклаб келаётган Трамп Фаластин ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан бошқа университетларни ҳам кескин танқид қилган ва жазолаган.
Жумладан, жорий йил март ойида яна бир нуфузли олий таълим маскани – Колумбия университети антисемитизм иддаоси билан 400 млн доллар федерал маблағдан маҳрум қилинди.
Апрель ойида Принстон университети ҳам шундай айблов билан 210 млн долларлик грантдан мосуво этилди.
Айрим университетлар тадқиқот грантлари қисқариши сабаб ҳукумат устидан судга мурожаат қилган.
АҚШ давлат департаменти Ғазодаги урушни қораловчи намойишларда қатнашган юзлаб хорижлик талабаларнинг визасини бекор қилмоқда. Айрим фаол талабалар қамоққа олинган.
Оқ уй фаол талабалар миллий хавфсизликка таҳдид уйғотаётганини айтмоқда. Талабаларнинг адвокатлари эса Трамп маъмурияти Конституцияда кафолатланган сўз, фикр ва намойиш эркинлигини поймол этмоқда деб ҳисоблайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter