Ҳар йили болалар учун машҳур алломалар ҳаётига доир 50 та китоб чиқарилади
2024-2030 йилларда ҳар йилга мўлжалланган болалар учун машҳур алломаларнинг илмий-маърифий мероси ҳақида улар томонидан ёзилган ҳамда уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятига бағишланган махсус, ихчам асарлар дастури ишлаб чиқилади ва дастур доирасида болалар учун 50 номдаги асарлар яратилади.
Бу борада Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши фаолияти янада такомиллаштирилади. Яратилган янги асарлар билан таълим муассасалари ва кутубхоналар фонди бепул тўлдириб борилади.
Ушбу лойиҳа доирасида тузиладиган Ишчи гуруҳга ҳар йили Дастурга киритиладиган асарлар рўйхатини шакллантиришда болалар ёзувчи ва шоирларини кенг жалб этиш ҳамда уларга аниқ ижтимоий буюртмалар бериш, шунингдек, Дастур бажарилишининг доимий мониторингини олиб бориш, асарларни яратишга жалб этилган болалар ёзувчи ва шоирларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, улар кейинги йиллар учун яратилиши мўлжалланган асарлар рўйхатини ҳар йили 1 февралга қадар ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади. Китобхонлар, ота-оналар, ноширлар ва таълим муассасалари мутахассисларининг таклиф-мулоҳазаларини умумлаштириб, китоб маҳсулотлари миллий бозори эҳтиёжларини мунтазам ўрганади, зарур ҳолларда Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.
Белгиланишича, Дастур доирасида яратиладиган асарлар муаллифларига қалам ҳақи Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан, асарларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатиш билан боғлиқ сарф-харажатлар эса ушбу Жамғарма маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Чоп этилган асарлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар ва болалар кутубхоналари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва унинг тизимидаги ахборот-кутубхона марказлари ҳамда Республика болалар кутубхонасига бепул тарқатилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter