Болалар китобларига чизилган қаҳрамонлар «тирик» бўлиши керак
Болалар китобларида чизилган қаҳрамон жуда, жуда, жуда муҳим роль ўйнайди. Бу китобларда матн кам бўлгани учун қаҳрамонни расмлар намоён қилиб бериши, яъни очиши керак. Қаҳрамоннинг бошига дўппи кийдириб қўйиш билан уни ўзбек қилиш осон эмас.
Мутахассислар расм «тирик» бўлиши керак дейдилар. Тирик деганда улар қимиллаши керак бўлган иллюстрацияни эмас, балки бир нима сўзлай оладиган иллюстрацияни назарда тутадилар. Яъни бир китобдаги иллюстрация айнан шу китоб учун яратилганлигини ўқувчи ҳис эта олиши керак. Шунинг учун текинга бериладиган расмлар йиғилган сайтлардан олинган расмлар қанчалик чиройли, ёрқин ёки мукаммал бўлмасин, айнан шу китоб ёки шу ҳикоя учун ёзилмагани учун улар китобда «ўлик» бўлиб кўринади. Буни бола жуда осон тушунади.
Кичик ёшдаги болалар китоблари 3 хил йўлда нашр этилади:
Муаллиф матн ёзади, иллюстраторни нашриёт танлайди ва расм чиздиради.
Муаллиф ҳам матн ёзувчи, ҳам иллюстратор бўлади.
Муаллиф матн ёзади, иллюстраторни муаллифнинг ўзи топади ва расм чиздиради.
Уччала ҳолатда ҳам муаллифнинг роли асосийдир. Олдинги замонларда ёзувчи матн ёзарди-да, нашриётнинг ўзи бирон рассом топиб матнни муаллифдан фикр сўрамай безар эдилар. Бугун расмли китобларда бундай йўл ишламаяпди.
Расмли китоб муаллифи иллюстратор билан биргаликда расмлар устида узоқ ва чуқур ишлаши керак. Иллюстратор чизган қаҳрамон муаллиф тасаввуридаги қаҳрамонга имкон қадар яқин бўлиши керак. У албатта дўппи кийган, қишлоқ боласини эслатадиган, кийими миллийликка урғу берадиган бўлиши шарт эмас, лекин айнан шу ҳикояда намоён бўлаётган болани ёки ҳолатни кўрсата олиши керак. Ана шундагина китоб мукаммал ҳисобланади. Шунда бу китобни кўраётган бола иллюстрациядаги қаҳрамонни ва ҳикоя сюжетини ич-ичидан ҳис эта олади.
Динара Мўминова, болалар ёзувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter