ҲАМАС Исроил билан ярашиш учун асосий шартини айтди
ҲАМАС ҳаракатининг Фаластин ташқарисидаги сиёсий бюроси раҳбари Холид Машъал Исроил билан ярашиш учун асосий шартларни маълум қилди. Яҳудийлар биринчи навбатда ўт очишни тўхтатиши шарт, деди у.
«Туркия, Қатар ва Миср Ғазо сектори ва Қуддусда деэскалацияга эришиш ва исроилликларнинг ҳужумларини тўхтатиш учун уринишмоқда. Биринчи навбатда ўт очишни тўхтатиш кераклиги ҳақидаги талабни воситачиларга етказдик», — деди Машъал.
Туркиянинг «TRT Arabic» телеканалида берган баёнотида у, шунингдек, ҲАМАС исроиллик ҳарбийлар Ал-Ақсо масжидидан олиб кетилиши, намозга келувчиларнинг эркин кириб-чиқишига рухсат берилиши, сўнгги эскалация пайтида қўлга олинганларни озод этиш, Шайх-Жарроҳ аҳолиси кўчирилишини бас қилиш талабини илгари сурганини айтди.
Ғазо сектори чегараси ва Исроил ўртасидаги зиддият 10 май кечаси кескинлашиб кетганди. Исроил армияси биринчи бўлиб Фаластин томонидан ракеталар учирилганини маълум қилиб, Ғазога юзлаб ракета зарбалари берди. Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилда етти нафар фуқаро ва бир аскар ҳалок бўлган. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, 126 киши ҳалок бўлган, 950 киши яраланган. Фаластинликлар Исроил ҳарбийларини заҳарли газлар қўллашда ҳам айблади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter